Жамият | 10:15 / 21.10.2017
46941
4 дақиқада ўқилади

Пахта–2017: Сохта маълумот асосида ва бир оила мусибати ортидан шов-шув ясовчилар ким?

Самарқанд вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси «Правозащитный Альянс Узбекистана» ташкилоти матбуот марказининг 17 октябрдаги Самарқанд вилоятидаги ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнати ҳақидаги ахборотида ҳуқуқбонлар Е.Урлаева ҳамда М.Эшонқулованинг берган сўнгги маълумотларига раддия эълон қилишди.

Таҳририятимизга йўлланган маълумотларга кўра, ҳуқуқбонлар ўз чиқишларида Самарқанд вилоят ҳокими Шуҳрат Жамоловнинг пахтага ўқитувчиларни оммавий жалб этиш тўғрисидаги таҳдидлари натижасида соғлигини йўқотиб, Самарқанд шаҳар марказий шифохонасида даволанаётган, мактаб директорининг ўринбосари Мурод Мадиев билан учрашганларида М.Мадиев уларга Самарқанд вилояти ҳамда Самарқанд шаҳар мактабларида, ўқитувчилар мажбурий равишда пахта йиғим-теримига жалб қилинаётганлиги, унинг ўзи эса мактабдаги ўқитувчиларни пахта йиғим-теримига мажбуран жалб этилишига қаршилик қилганлиги натижасида соғлигини йўқотганлиги тўғрисида уларга интервью берганлиги айтилган.

Аввало, бу нотўғри ахборот мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслиги таъкидлаш лозим. Биринчидан, Шуҳрат Жамолов — Самарқанд вилоят ҳокими эмас, Самарқанд туман ҳокими ҳисобланади. Самарқанд туманида пахта етиштирилмайди ва туман ҳокимининг Самарқанд вилоят ва шаҳар ўқитувчиларига фармойиш беришга ваколати йўқ.

Иккинчидан, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси маълумотига кўра эса жорий йилнинг октябрь ойида Мурод Мадиев исм-фамилияли шахс шифохонада даволанмаганлиги, бундай шахс тўғрисидаги маълумот шифохонанинг мурожаат дафтарида ҳам, ётқизиш дафтарида ҳам қайд этилмаганлиги маълум бўлди. Шунингдек, умуман, бундай исм-фамилияли мактаб директори ўринбосарини ҳам топишнинг имкони бўлмади.

Альянснинг яна бир ахборотида 16 сентябрь куни ҳоким Шуҳрат Жамоловнинг пахта йиғим-терими билан боғлиқ бўлган селектор йиғилишларидаги таҳдидлари оқибатида туман тиббиёт бирлашмасининг врач-терапевти, муассаса касаба уюшма қўмитасининг раиси Пахриддин Саидов бевақт ҳаётдан кўз юмганлиги, П.Саидовнинг турмуш ўртоғи Альянс ходимларига интервью бергани, марҳумнинг икки фарзанди билан тушган суратини расмга олишга рухсат берганлиги кўрсатилган.

Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмаси маълумотига кўра, бирлашмада касаба уюшмаси қўмитаси раиси вазифасида ишлаган, марҳум Пахриддин Қиёмович Саидов узоқ йиллар туман тез тиббий ёрдам хизмати врачи, ҚВПлар бўйича координатор вазифасида ишлаб, жамоа орасида ҳурматга сазовор бўлган. Ўзининг ширин сўзлиги, бошқаларга нисбатан меҳрибонлиги сабабли жамоа у кишига юксак ишонч билдириб, касаба уюшма қўмитаси раислигига сайлаган. П.Қ.Саидов селектор йиғилишида, йиллар давомида касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасида ишлаб келиб, ходимларни пахта йиғим-теримига жалб қилмаган. Унга туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти томонидан ходимларни оммавий пахта йиғим теримига жалб қилиш ваколати берилмаганлиги маълум қилинган. 

Марҳум П.Саидовнинг турмуш ўртоғи Д.Якубованинг соғлиқни сақлаш ходимлари ксаба уюшмалари республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Олим Жуманиёзовга маълум қилишича, жорий йилнинг 15 октябрь куни турмуш ўртоғининг маракаси ўтказилаётган вақтда иккита бегона аёл уйга кириб келган ва ўзларини «газетадан», деб таништиришган. Д.Якубова уларни уйга таклиф қилган. Тиловат якунлангач, улар П.Саидов нима сабабдан бевақт ҳаётдан кўз юмганлигини, иш жойида бирор кўнгилсизлик бўлган-бўлмаганлигини суриштиришган. Д.Якубова уларга, турмуш ўртоғининг бевақт ҳаётдан кўз юмганлигини, марҳумнинг уйда ҳеч қачон ўз касби ҳақида гапирмаганлигини айтган. Шундан сўнг улар интервью беришни сўрашган ,аммо Д.Якубова таклифни қатъий рад этган. Турмуш ўртоғининг фарзандлари билан тушган расмини бегона икки аёл томонидан қай тарзда ва қачон суратга тушириб олинганлигига Д.Якубова ҳам ҳайрон.

Нотўғри, сохта ва ёлғон маълумотлар билан инсонларни чалғитиш, бир оиланинг бошига тушган мусбатдан шов-шув ясаш инсонийликка тўғри келадими?