Бугунги кунда талай мамлакатлардаги умумий овқатланиш муассасаларида хўрандалар ва меҳмонларга юқори даражада хизмат кўрсатиш ҳамда ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида “Dress-code” жорий қилиниши оддий ҳолга айланиб қолган.
Хўш, “Dress-code” нима дегани?
Бу атама инглизча бўлиб, “Либос кодекси” деган маънони билдиради. Аниқроғи, муайян тадбирлар, ташкилотлар ва муассасаларга борганда кийилиши қатъий талаб этиладиган либосларни англатади.
Дарвоқе, баъзи ташкилотларда муҳим қарорлар қабул қилиш (масалан, иш бўйича музокаралар олиб бориш) билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш жараёнида иштирокчилар кийимларига катта эътибор қаратилади. Офисда ишловчи ходимлар киядиган либослар ҳам кўпинча қатъий белгилаб қўйилади.
“Dress-code” маълум бир тадбир учун мўлжалланган кийиниш услубини характерловчи ўз белгилари ва қоидаларига эга. Одатда бу услуб тадбирга таклифномада кўрсатилади.
Сирасини айтганда, “Dress-code” амалда бўлган жойларга сиз худди тўйга кетаётгандай ясаниб, замонавий хоним ёки замонавий жаноб бўлиб боришингиз шарт, акс ҳолда, ўша муассасаларга киришингиз амри маҳол.
Сўнгги пайтларда бу янглиғ тартиб-қоидаларни қўллаш бизнинг юртимизда ҳам урф бўлмоқда. Албатта, у миллий қонунчилигимизга зид келмаслиги, истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол этмаслиги, ҳамма учун баробар бўлиши зарур. Амалда эса, баъзан тескариси бўлаяпти. Мана, бир мисол.
Яқинда қўмитага Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Рўзметов пойтахтимиздаги машҳур “ILK BIZNES” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Мармарис” ресторанида рўй берган “Dress-code” билан боғлиқ воқеа тўғрисида хабар йўллади. Таъкидлашича, унинг ўртоқлари “Мармарис” ресторанида овқатланиш учун олдиндан буюртма беришади. Белгиланган куни соат 20.00 да дўстлари ресторанда жам бўлиб, хизматчилардан бир неча хил таомлар (салат, ичимлик, суюқ ва қуюқ овқатлар)га келтиришларини сўрашади.
Кейинроқ Д.Рўзметов ресторанга кириб келган вақтда эса эгнида асосан гольф ва теннис ўйнаганда кийиладиган калта енгли ва ёқали (поло) спорт кийими, оёғида эса красовка бор эди. Рестораннинг қўриқлаш хизмати ходимлари ва менежери уни тўхтатиб, ресторан ички қоидаларига кўра, унга спорт кийимида кириш мумкин эмаслигини айтишади. Худди шу лаҳза Д.Рўзметов ресторанда бу талабга риоя қилмаган ҳолда юрган хўрандаларни кўриб қолади-ю, “У ҳолда, анави кишиларни нега киритдингиз?” деб сўрайди. Эвазига “Хорижлик меҳмон бўлгани учун уларга мумкин”, деган жавобни эшитади...
Мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, “Мармарис” ресторанига ташриф буюрувчи мижозлар учун, ҳақиқатан ҳам, алоҳида қоидалар ишлаб чиқилган бўлиб, спорт кийимидаги кишиларнинг унга кириши тақиқланган.














