Таҳририятимизга нажот излаб келган фуқаролар кутилмаган бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронга айлангани, уларнинг соғлиғига етказилган умрбод зарар қоплаб берилмаётганини айтишди.

Шаҳбоз Саидов ва Азизбек Аҳмадов

32 ёшли Шаҳбоз Саидов жияни 24 ёшли Азизбек Аҳмадов билан 2022 йилнинг 18 мартида «Ҳудудгазтаъминот» Самарқанд филиалининг «Тойлоқтумангаз» бўлимига боришади.

«Тойлоқтумангаз» газ таъминоти бўлими

Бунга сабаб, Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласида ота-онаси ва оиласи истиқомат қилувчи Шаҳбоз Саидовнинг хонадонида 17 март куни табиий газ узилади. Гарчи пулини тўласа ҳам, АСКУГ ақлли газ ҳисоблагичи газни очмайди.

Ш.Саидовнинг уйига ўрнатилган АСКУГ ҳисоблагичи

У вазиятга аниқлик киритиш учун туман газ идорасига боради. Компьютерда ҳолатни текшириб кўриш учун ходим Бекзод Баракаев ишга киришганида хонада портлаш рўй беради. Уч киши қаттиқ куйиш жароҳатини олишади. Улар зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига олиб борилади ва жонлари қутқариб қолинади.

Ш.Саидов жонлантириш бўлимида

Қизиғи шундаки, бу фожиа имкон қадар туман мутасадди раҳбарлари томонидан бости-бости қилинган. Фожиа кўлами катта бўлса ҳам, кўп ҳам шов-шув кўтарилмади. Ҳаттоки ўт ўчирувчилар томонидан иш ҳам очилмаган. Биз вилоят ФВБга портлаш сабаби нимада эканлигини аниқлаш мақсадида қўнғироқ қилганимизда, ушбу вазият рўйхатга олинмаганини маълум қилишди.

Вазиятнинг ҳайратланарли жиҳати шундаки, туман газ идорасидан бор-йўғи 100 метр нарида ўт ўчириш бўлинмаси жойлашган. Улар воқеа жойига етиб келмаган бўлиши мумкин эмас.

Туман газ идорасидан 100 метр наридаги ўт ўчириш бўлинмаси