Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда акциялар, ҳар хил товарларнинг мавсумий чегирмалари ташкил қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бунда кўпинча муайян ҳолат (компаниянинг юбилейи, миллий байрам ва бошқалар) сабабли чегирма берилганига урғу берилади.

Рақобат қўмитаси таҳлилларига кўра, айрим йирик савдо тармоқлари фойда олиш мақсадида кўпинча харидорлар билан турли хил манипуляцияларга киришиши, масалан, дастлаб таклиф қилинадиган товарларнинг нархлари иложи борича ҳаддан ташқари ошириб юборилиши, сўнгра уларнинг нархи ҳақиқий нархигача туширилиши мумкин. Бунда харидорлар томонидан чегирмали товарларни харид қилиш орқали уларда фойдали харид иллюзиясини келтириб чиқариш мақсад қилинган.

“Одатда байрамлар олдидан йирик савдо марказлари ва дўконлар товар нархларини кескин кўтариши, кейин эса чегирмалар эълон қилиш орқали гўёки товар нархларининг кескин туширилгани тўғрисида рекламалар беради, ҳақиқатда эса чегирмадаги товар нархи эски нархдаги ҳолатига қайтарилиб, гўёки 20-30 фоиз чегирмалар қўллангандек тақдим этилади”, дейилади хабарда.

Қўмита товарларни, маҳсулотларни чегирма билан сотиш ҳолатларига эътиборлироқ бўлиш, товарларни сотиб олишдан олдин унинг сифати ва нуқсонсиз эканини текширишни унутмасликка чақирди.

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоялаш органига кўра, товарларларни чегирма билан харид қилишда тўсиқ ва муаммолар ёки нотўғри ва ишончсиз рекламаларни тарқатиш ҳолатлари кузатилган тақдирда, қўмитанинг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

Реклама баннерида музлаткич, чегирмада эса телефон қувватлагич

Kun.uz охирги пайтларда оммавийлашган ҳар хил чегирмалар ҳақидаги айрим ҳолатларга эътибор қаратди.

Хусусан, бир маиший техника сотадиган дўконлар тармоғи 80 фоизгача чегирма эълон қилган. Рекламадаги баннерда телевизор, музлаткич, чангютгич, дазмол ва бошқа техникалар кўрсатилиб, гўёки шу маҳсулотларни 80 фоизгача арзонлаштирилган нархда харид қилиш имконияти борлигига урғу берилган. Амалда эса бу маҳсулотларга атиги 3-4 фоизлик чегирмалар берилгани ёки умуман бундай имтиёзли нархлар мавжуд эмаслиги ойдинлашди. Рекламада ёзилган 80 фоизлик чегирма эса Power bank'ни қувватлайдиган сим учун мавжуд бўлган.

Бошқа ҳолатда эса бир маркетплейс (онлайн бозор)да катта чегирма эълон қилингани, реал ҳолатда шартли 10 минг сўмлик маҳсулотнинг нархи 20 минг сўмгача шиширилгани ва унга нисбатан 50 фоизлик чегирма қўлланганига гувоҳ бўлиш мумкин.