«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан «Судлар ва суд ишларини юритиш тўғрисида жамоатчилик фикри» мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда мамлакатнинг барча минтақаларидаги 18 ёш ва ундан катта 1100 нафар киши сўралди, уларнинг 49,2%и эркаклар ва 50,8%и хотин-қизлар. 

Сўров натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликлар Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёевнинг судлов соҳасида замонавий талаблар ва халқаро андазаларни ҳисобга олган ҳолда мамлакат суд тизимини такомиллаштириш бўйича ташаббусларини маъқуллайдилар ва қўллаб-қувватлайдилар. Фуқаролар бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган суд тизимини ислоҳ қилиш суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаши, фуқароларнинг бирор-бир монеликсиз одил судловдан фойдаланишини таъминлаши, инсон ҳуқуқлари 
ва эркинликларини ишончли тарзда ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириши кераклигини англайдилар.

Сўров натижаларига мувофиқ, мамлакатнинг мутлақ кўпчилик (81,5%) фуқаролари яшаш минтақасидан, ёшидан, маълумотидан, ижтимоий ва этник келиб чиқишидан, фаолият соҳасидан қатъи назар, суд тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлайдилар.

Сўровнинг кўрсатишича, фуқароларнинг фикрига кўра, мамлакат суд тизимида ҳали қатор камчиликлар мавжуд: судларнинг ўз фаолиятига аралашувдан мустақиллиги тўла таъминланмаган, судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир қилиш, коррупция, инсонларнинг ташвишларига бефарқлик, адолат қонунларини бузувчи қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб туради, ишларни ўз вақтида кўриб чиқмасликка ва сансоларликка йўл қўйилмоқда. Сўров иштирокчилари шунга умид қиладиларки, суд органлари ва судьялар ишининг қонун талаблари ва адолат қоидаларига мувофиқ ташкил этилиши бу камчиликларни бартараф этади, мамлакатда Қонун устуворлигини таъминлайди ва аҳолининг суд тизимига ишончи даражасини оширади. 

Суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятга аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги қоидасини амалга ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устуворликларидан бири бўлиб ҳисобланади. Жамоатчилик фикри сўрови жараёнида ўзбекистонликларнинг судлар ва судьяларнинг улар фаолиятларига давлат ва ижроия ҳокимият органларининг таъсири ва аралашувидан қанчалик мустақиллиги ҳақида тасаввурлари аниқланди. 

Респондентлар жавобларининг мониторинги ижобий жавобларнинг барқарорлигини, шунингдек, судьялар ҳали ўз фаолиятига учинчи шахсларнинг аралашувидан тўла даражада мустақил эмас, деган фикрга қўшилувчи респондентлар сонининг ўсганлигини аниқлади. Фуқароларнинг қайд этишича, мустақил, беғараз суд корпусини шакллантиришга қаратилган янада кўпроқ амалий чоралар кўриш зарур. Сўров ўтказиш даврида суднинг мустақиллиги таъминланмаган, деб ҳисобловчи  респондентлар сони ўсган.