Жаҳон | 10:11 / 28.10.2017
16299
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 11 минг амалдор коррупция учун жавобгарликка тортилди, улар орасида 2 бош вазир ҳам бор  

Фото: РИА "Новости"

Қозоғистонда сўнгги 17 йил ичида коррупция учун икки бош вазир, етти нафар вазир ва агентликлар раислари, етти нафар вилоят ҳокими ва уларнинг ўринбосарлари қамалди, деб хабар бермоқда Informburo.kz.

Қозоғистонда сўнгги 17 йил ичида қарийб 11 минг коррупционер жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг Давлат хизмати ва коррупцияга қарши кураш ишлари бўйича Агентлиги раиси ўринбосари Алик Шпекбаев Уральскдаги коррупцияга қарши форумда айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, 2017 йилда марказий давлат органларининг 14 нафар раҳбарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Вилоят тузилмалари раҳбарларига нисбатан 90 та ва шаҳар ҳамда туман давлат идоралари бошлиқларига қарши 121 та иш очилган.

"2001 йилдан бери Қозоғистонда коррупцияга оид қонунбузарликлар учун 10 930 мансабдор шахс жавобгарликка тортилди. Қамоқ жазосига маҳкум этилганлар орасида икки бош вазир, етти нафар вазир ва агентликлар раислари, етти нафар вилоятлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, саккиз нафар миллий компания раҳбари ҳамда худди шунча куч тузилмалари раҳбарияти вакиллари бор", - дея маълум қилди Алик Шпекбаев.

2017 йилда Қозоғистон коррупцияни қабул қилиш Индексида саккиз бандни йўқотди ҳамда Россия ва Украина билан бирга 131-ўриндан жой олди.

Мавзуга оид