Жаҳон | 23:20 / 30.10.2017
19169
5 дақиқада ўқилади

Боку-Тбилиси-Қарс — Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа йўл

Фото: Anadolu

Боку-Тбилиси-Қарс (БТҚ) темир йўли орқали Туркия жанубидаги Мерсин портига Қозоғистонда етиштирилган ғалла ортилган илк темирйўл состави жўнатилди, деб ёзади Anadolu агентлиги

Алати портида бўлиб ўтган БТҚ йўлининг очилиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Қозоғистон бош вазири Бақтжон Сағинтаев ва Гуржистон бош вазири Георгий Квирикашвили иштирок этишди.

«Лойиҳа Озарбойжон, Гуржистон ва Туркиянинг хоҳиш-иродалари туфайли амалга ошди», деди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев очилиш маросимида.

«Уч мамлакат қатъий ирода ва ишонч билан олдинга қўйилган мақсадга эришиш мумкинлигини исботлашди.  Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия кейинчалик ҳам баҳамжиҳат, бир-бирини қўллаган ҳолда ҳаракат қилади. Бу лойиҳа давлатларимизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиради», — деган И.Алиев.

«БТҚ — Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа йўл. Уни амалга ошириш бўйича битим Гуржистонда имзоланди, тамал тоши Туркияда қўйилди, топшириш маросими, мана, Озарбойжонда ўтказилмоқда», — деди Озарбойжон президенти.

Фото: Anadolu

«Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия минтақа ва бутун жаҳон учун муҳим аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда давом этади. Биз «Жанубий газ йўлаги» бўлмиш Боку-Тбилиси Жайхон каби нефтгаз лойиҳаларини амалга оширдик. «Шоҳ Денгиз» конида ишлар 98 фоизга, Жанубий Кавказ қувур ўтказгичида 99 фоизга, Трансанатолия газ қувури (TANAP) да 84 фоизга, Трнасадриатика газ қувури (TAP) да 60 фоизга бажарилган», — деди Алиев.

Тантанали қисм тугагач, давлат ва ҳукумат раҳбарлари йўловчи поездида портдан Алати станциясигача саёҳат қилишган.

Янги темир йўл Туркия, Озарбойжон ва Гуржистон, шунингдек, тарихий «Буюк ипак йўли»да жойлашган бошқа давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Боку-Тбилиси-Қарс темир йўлининг умумий узунлиги 838 километрни ташкил этиб, унинг 76 километри Туркия ҳудудида, 259 километри Гуржистон ва 503 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади.

Туркия ҳудудида тўртта станция, учта кўприк ва 76 км темирйўл қурилган. Лойиҳа доирасида Туркия ва Гуржистон чегарасида улкан туннел барпо этилган бўлиб, унинг бир қисми (2375 м) Туркия ҳудудидан ўтса, яна бир қисми (2070 м) Гуржистон участкасида жойлашган.

Фото: Anadolu

Гуржистонда шу лойиҳани деб янги 105 километрлик темирйўл магистрали қурилди, 154 км.лик участка реконструкция қилинди. Озарбойжон ҳудудида эса 503 км темир йўл реконструкция қилинган.

БТҚ Лондон ва Пекин ўртасида узлуксиз қатновни амалга ошириш имконини беради, Осиё ва Европа ўртасидаги юкларнинг транспортировкаси Туркия бюджетига ҳам кўп миллионли даромад келтиради.

Боку-Тбилиси-Қарс темир йўли эксплуатациясидан транспорт артерияси бўйлаб жойлашган барча давлатлар, жумладан Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистон фойда олишади.

Транспорт йўлагининг энг баланд ўтказиш қувватида йилига 17 млн. тонна юкдан иборат. Бошланғич босқичда бу кўрсаткич бир млн. йўловчи ва 6,5 млн. тонна юк даражасида бўлади.

БТҚ Осиё ва Европа ўртасидаги кўприк бўлди

Гуржистон бош вазири Гиоргий Квирикашвили ҳам БТҚнинг минтақа учун аҳамиятини қайд этиб ўтди:

«БТҚ темир йўли Осиё ва Европа ўртасидаги кўприк бўлди. Бу лойиҳа янги Евроосиё тамал тошини ўрнатди. Бу йўл нафақат иқтисодиётлар, балки турли мамлакатлар аҳолисини боғлайди, товар айланмаси ошишига ва минтақавий хавфсизликнинг таъминланишига ҳисса қўшади», — деди бош вазир.

Фото: Anadolu

БТҚ Қозоғистоннинг транзит имкониятларини оширади

Қозоғистон бош вазири Бақтжон Сағинтаев ҳам ўз мамлакати БТҚ лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлаганини айтиб ўтди:

«Сўнгги тўққиз йилда Қозоғистон транспорт ва логистикани ривожлантириш учун йирик инвестицияларни йўналтирди. Йўллар реконструкция, Оқтов порти модернизация қилинди. Боку-Тбилиси-Қарс Қозоғистоннинг транзит имкониятларини оширади. Қозоғистон орқали БТҚ йўналиши бўйлаб Хитойдан йилига 25 миллион тонна юк ўтади. Каспий орқали Шарқий Европага йўл икки баробар қисқаради», — деди Сағинтаев.

Мавзуга оид