Ўзбекистон | 23:06 / 30.10.2017
8437
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги: Ўзбекистонда сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги йўналишида истеъмол қилинади

23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Сув ҳавзалари инструментларини ишлаб чиқиш салоҳиятини институционал мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ташкил этилган ушбу анжуманга молиявий кўмак Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан таъминланган бўлса, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (РЭЦЦА) экспертлик ёрдамини берди. 

Семинар доирасида 23 ва 24 октябрь кунлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вакиллари бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда сув ҳавзаларини режалаштириш (СҲР) борасида илғор тажрибаларни татбиқ этиш бўйича ўқув-машғулотлари ташкил этилди. 

26 ва 27 октябрь кунлари эса мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ирригация тизимлари сув ҳавза бошқармалари (ИТСҲБ)дан келган мутахассислар учун ўқув-машғулотлари олиб борилди.

Семинарнинг очилишида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшан Мамутов ҳамда лойиҳа раҳбари ва GIZнинг “Марказий Осиёдаги сув ресурсларини трансчегаравий бошқариш” дастури директори доктор Каролина Милови ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали директори Шахноза Умаровалар сўзга чиқди. 

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили таъкидлаганидек, республикада йилига ўртача 51 млрд. м3 сув истеъмол қилинади. Бундан 90 фоизи қишлоқ хўжалиги йўналишидаги, 4 фоизи эса коммунал мақсадлардаги истеъмол ҳисобланади. Истеъмолчиларнинг сони йилдан йилга ортиб бораётганлиги сабабли, сув ресурсларини тежаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Сув ресурсларини интеграллашган бошқариш услубида эса сув ресурсларидан фойдаланишга айнан рационал ва самарали ёндашувлар аниқланади. 

РЭЦЦА эксперти Воҳиджон Ахмаджоновнинг сўзларига кўра, 1991 йили Ўзбекистон аҳолиси 21 млн. кишини ташкил этган. Айни даврда йилига 63-64 млрд. м3 сув истеъмол қилинган. Жон бошига олганда, ушбу кўрсаткич тахминан 3000 м3га тўғри келади. Ўтган давр мобайнида мамлакат аҳолиси сони сезиларли даражада ошган ва ҳозирда сув истеъмоли йилига ўртача 51 млрд. м3 га тенг келади. Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, жон бошига сув истеъмоли икки баробар пасайиб кетган. 

Семинар давомида иштирокчилар сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва ҳимоя қилиш тизими (СРКФҲҚТ)ни муҳокама қиладилар ҳамда РЭЦЦА концепциясининг Ўзбекистондаги қонунчилик амалиётлари билан солиштирма жадвалини ишлаб чиқишди.

Семинар натижаларига кўра, иштирокчилар илғор тажрибаларни амалдаги қонунчилик доирасида жадал татбиқ этишга киришишади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш