20:48 / 04.11.2017
7590

Amazon раҳбари 1 млрд долларлик акциясини сотди

Фото:Bizhaker.ru

Amazon ритейлери асосчиси ва раҳбари Жефф Безоc 2017 йил ноябри бошида компаниянинг 1 млрд долларлик акциясини сотди. Безос бундай катта қийматдаги битимни биринчи марта амалга оширди.

Amazon раҳбари охирги 6 йил давомида ўзига тегишли акцияларни вақти-вақти билан сотувга чиқариб туради. У одатда миллионтага яқин акцияни сотади. Ҳозирда унда компаниянинг 80 млн тага яқин акцияси бор.

Безос охирги марта бундай йирик битимни 2017 йил май ойида амалга оширган. Ўшанда у 940,7 млн долларлик апкциясини сотиб юборган. Ўшандан бери компания акциялари қиймати ўсди ва Безос амалга оширган навбатдаги битим унга кўпроқ маблағ келтирди.

Безос қўлга киритилган пулларни қаерга йўналтириши номаълум. Унинг Билл Гейтс каби хайрия жамғармалари йўқ, деб хабар бермоқда The Verge нашри. Нашрнинг тахминича, пуллар тадбиркорга тегишли The Washington Post газетаси ёки Blue Origin ракетасозлик компаниясини молиялаштиришга сарфланиши мумкин.

Безос октябрь охиридан бери энг бой одамлар рўйхатининг биринчи поғонасини эгалламоқда. Унинг бойлиги 94,6 млрд долларга баҳоланмоқда. Иккинчи ўринга сурилган Билл Гейтснинг бойлиги эса 88,4 млрд долларни ташкил қилмоқда. 

Top