«У ҳолда АҚШни қаттиқ жазолаймиз». КХДР Трампни огоҳлантирди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Жанубий Кореяга ташрифи вақтида Пхеньяннинг жаҳлини чиқарадиган гапларини айтмаслиги керак. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг марказий нашри бўлмиш «Нодон синмун»да ёзилди.
«Яна бир бор Трампни огоҳлантирамиз. Агар ҳалокатга учрамасликни истаса, у телбанамо сўзларини айтмасин», дейилган мақолада.
«АҚШ бош қўмондони Жанубий Кореяга келиши нимани англатишини тахмин қилиш қийин эмас. Улар Корея яриморолида стратегик қуролларини жойлаштиришнинг оқибатлари ҳақида ўйлаши керак.
Агар Вашингтон КХДРни агрессив қадамлар ташлашга мажбур қилса, унда Пхеньянда АҚШни қаттиқ жазолашдан бошқа чора қолмайди», дея давом этилади нашрда.
Трамп якшанба куни Осиё бўйлаб 13 кунлик турнесини бошлади. У шу куни тонгда Японияга келди ва мамлакат бош вазири Синдзо Абэ билан учрашиб Сайтамада у билан гольф ўйнади, уларга машҳур япониялик Хидэки Мацуяма қўшилди. Душанба куни Трамп император қабулида бўлади. Кейинроқ япон-америка саммити бошланади. Трамп ва Абэ ўтмишда шимолий кореялик агентлар томонидан ўғирланган япон оилалари билан ҳам учрашади.
Япониядан кейин Трамп 6-7 ноябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлади, у бу ерда президент Мун Же Ин билан учрашади. Чоршанба куни АҚШ президенти Хитойга йўл олади, 10 ноябрь куни — Вьетнамга, у бу ерда ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммитида қатнашади. Америка раҳбарининг турнеси 12-14 ноябрь кунларида Филиппинга ташриф билан якунланади.
Мавзуга оид
18:59 / 19.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Шимолий Корея билан ўйинда 10 киши қолиб, қийин ғалабага эришди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024