Ўзбекистон | 11:40 / 10.11.2017
23279
6 дақиқада ўқилади

Банкларда касса ишини ташкил этишга доир йўриқномага ўзгартиришлар киритилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарори билан тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Йўриқномага киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчага кўра: 

1.48-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“48. Кассир қийматига қараб сараланган тўловга яроқли пулларни алоҳида ҳамда эскирган пулларни алоҳида дасталайди ва ўраб-боғлайди. Эскирган пуллар дастасидаги ҳар бир бандеролга ва устки накладканинг ўнг тарафи юқори бурчагига банк номи, унинг коди, кассирнинг фамилияси ва исм шарифи кўрсатилган “Эскирган" ёзувли тўртбурчак муҳр босилиши шарт.

Эскирган тоифасидаги пул боғламларини яроқли пул боғламларидан ажралиб туриши учун диагонал равишда эни 10 мм. қизил йўлли чизиқ чизилган устки накладкалардан фойдаланилиши лозим. Эскирган тоифасидаги пулларни қайта муомалага чиқиб кетишига йўл қўйилмайди ҳамда эскирган пул боғламига муҳрини босган кассир шахсан жавобгар ҳисобланади.”.

2.  50-банднинг иккинчи хатбошисидаги “10000 сўмлик учун - эни 15 мм. бўлган иккита яшил йўлли” деган сўзлардан кейин “, 50000 сўмлик учун - эни 15 мм. бўлган иккита кўк йўлли” деган сўзлар билан тўлдирилди.

3.  54-банддан иккинчи жумла чиқариб ташланди.

4.  57-банддаги “ва 10000 сўмликлар” деган сўзлар “, 10000 ва 50000 сўмликлар” деган сўзлар билан алмаштирилди.

5.  239-бандининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“239. Банк томонидан банк сирини ташкил этувчи маълумотларни, шу жумладан касса ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган асослар бўлган тақдирда судга, прокуратура, тергов ва суриштирув органларига, шунингдек давлат ижрочисига тақдим этиш ёпиқ ва муҳрланган конвертда ёки ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида ҳимояланган алоқа каналлари воситасида амалга оширилиши мумкин”.

6.  266-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“266. Дафтар ва алоҳида варақ кўринишдаги, қатъий ҳисобда турувчи барча бланкалар Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга (2017 йил 6 ноябрь) асосан қўлланиладиган 09002 Валюта айирбошлаш шохобчалари орқали валюта ва йўл чекларини сотиб олишда бериладиган маълумотнома сертификати, 09004 Валюта ва йўл чекларини инкассога қабул қилиш тўғрисидаги квитанция, 09005 - “Валюта ва йўл чекларини экспертизага қабул қилишда ишлатиладиган квитанция, 09006 Нақд чет эл валютасини хорижга олиб чиқишда бериладиган рухсатнома, 09007 Валюта ва йўл чекларини сотишда тўлдириладиган маълумотнома, 09012 Шикастланган валюталарни яроқлигига алмаштиришда тўлдириладиган квитанция ва 09015 Йўл чекларини нақд хорижий валютага алмаштириб олишда ишлатиладиган квитанция китобчаси 50 варақдан иборат бўлиши шарт ва у тўлдирилганда, қора қоғоз орқали икки нусхада тўлдирилиши муносабати билан дафтарчалар 25 сўм қийматида баҳоланади. Уларнинг ҳар бири, дафтарча ёки ҳар бир варақ бўйича шартли равишда бир сўмга, сақлаш учун қабул қилинган акция, вексель, жисмоний шахслар учун чиқарилган депозит сертификатлари ва Марказий банк томонидан чиқарилган облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар ўз номинал қиймати бўйича баҳоланиб, 93609 “Сақланаётган қимматбаҳо буюмлар” ҳисобварағида ҳисобга олинади.”

7.  325-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

”Банк (банк филиали) томонидан банк биносида ва биносидан ташқарида ташкил этилган ҳамда қандай номланишидан қатъи назар, банк амалиёт кунига уланган барча омонат (жамғарма) кассалари ва минибанк кассалари, турли коммунал ва бошқа тўловларни қабул қилувчи кассалар, пул ўтказмалари шохобчалари учун ушбу бобдаги талаблар бир хил тартибда қўлланилади (хўжалик юритувчи субъектлар ҳузуридаги банкнинг махсус кассалари бундан мустасно). Валюта айирбошлаш шохобчалари (кассалари) биноларига талаблар ва иш тартиби Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга (2017 йил 6 ноябрь) мувофиқ белгиланади.".

8.  343-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташланди;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисобланади;

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Пенсия ва нафақа пулларини тарқатиш мақсадида бошқа банклардан нақд пулларни олиш ва Халқ банки филиалларига етказиш фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳудудий Бош бошқармалари фармойишларига асосан амалга оширилиши лозим.”

9.  375-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Банкларда очилган “22632 - “Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлинмалари томонидан Пенсия ва нафақаларни нақд пулда тўлаш учун молиялаштирилган компенсация ва бошқа тўловлар учун маблағлар” ҳисобварағига молиялашган пенсия ва нафақани тўлаш учун нақд пул маблағлари Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармаси фармойишига асосан инкассация хизмати орқали Халқ банкининг тегишли филиалларига етказиб берилади.”.

10.  1-илованинг 5-бандидаги “10000” рақами “50000” рақами билан алмаштирилди.

Мавзуга оид