Kun.uz таҳририятимизга мамлакатимизда катта эътибор берилаётган соҳага боғлиқ яна бир арз келиб тушди.

Ўзбекистонда чорвачилик изчил ривожланиб, кенгайиб бормоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва аҳолининг бу машғулот билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилиб, мазкур соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Фото: Kun.uz

Бироқ, Наманган вилоят, Чортоқ туманида фаолият юритаётган “Шерзод наслдор чорвадор” чорвачилик фермер хўжалигига бўлаётган эътиборни кўриб, туман ҳокимлигининг наслчилик, аҳолини сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга айри кўз билан қараётганини гувоҳ бўлдик.

Ёш ва ғайратли фермер Шерзодбек Камалов 2014 йили чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этгач, “Наманган насл сервис” жамиятидан Австриянинг “Симментал” зотига мансуб 32 бош қорамолни сотиб олиб, боқишни бошлаган.

Қорамол боқиш ҳақидаги мақолага жимжимадор сўзлар ярашмайди. Мол боқиш жуда-жуда заҳматли иш. Бироқ, сифатли ем-хашак, озуқа бўлмаса, даромад ва қорамоллар туёғини кўпайтириш амримаҳол. Фермер хўжалигининг бор муаммоси ҳам шунда. Ўтган уч йил давомида хўжалик қорамоллар сонини 150 бошга етказди. Шундан 60 бош наслли бузоқ тумандаги чорвадорларга сотилди. 30 тоннадан зиёд сут Чортоқдаги сутни қайта ишловчи тадбиркорларга етказиб берилган. Ижобий натижа тўғрими? Лекин, 27 ёшли фермернинг айтишича, агар етарли шароит бўлганида бундан икки-уч баробар зиёд самарага эришиш мумкин эди.

Фото: Kun.uz

Юртимизда белгиланган ҳужжатларига асосан чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ҳар бир бош қорамол учун 30 сотих озуқа етиштиришга экин майдони берилади. Шерзодбек Камалов бошчилигидаги чорвачилик фермер хўжалиги тасарруфида 2013 йилдан шу пайтгача 26 гектар ер бўлган. Чорвадор бу ерда ғалла парваришлаган ва такрорий экин сифатида қорамолларга озуқа учун маккажўхори эккан.

2017 йилда хўжалик ғалла режасини 120 фоизга бажарган. Ғалла ўримидан сўнг эса машмаша бошланди. Камаловнинг билдиришича, туман ҳокимлиги июль ойида экилмаган пахта учун 24 тонна пахта ҳосилига мажбурий шартнома қилдирган. Орадан уч кун ўтиб эса туман сессиясида мавжуд 26 гектар ерни хўжаликдан тўлалигича олиб қўйиш ҳақида қарор чиқарилибди.