Жаҳон | 20:30 / 12.11.2017
6221
3 дақиқада ўқилади

Лондоннинг амалдаги мэри собиқ мэрни лавозимидан кетишга чақирди

Фото: Алекс Макнотон / РИА Новости

Британиянинг Лейбористлар партияси етакчиси Жереми Корбин ва Лондон мэри Содиқ Хон Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсонни лавозимидан кетишга чақиришди.

“Биз Жонсон мамлакатни шарманда қилаётганига ва ўзининг нокомпетентлиги ва мустамлачилик даврига хос қарашлари ҳисобига мамлакат мавқеига путур етказаётгани ҳамда узоқ вақтдан бери фуқароларимизни хавф остига қўяётганига чидашдан тўйдик”, деб Корбиннинг айтган сўзларини келтириб ўтди The Observer нашри.

Нашрнинг таъкидлашича, Корбин томондан бундай айбловларнинг қўйилишига келиб чиқиши эронлик бўлган британиялик Нозанин Загари-Рэтклиффнинг воқеаси сабаб бўлди. Аёл Эроннинг амалдаги раҳбариятини ағдариш мақсадида сиёсий фитнада иштирок этишда айбланиб, Теҳрон томондан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жонсон 1 ноябрда ташқи ишлар бўйича парламент қўмитаси олдидаги нутқида Нозанин Эронда бўлганда одамларни журналистикага ўқитганини айтган. Жонсоннинг бу сўзларидан кейин қамоқ жазосини ўтаётган аёл Эрон судига чақирилиб, унга ҳукуматга қарши ташвиқотни тарқатиш айби қўйилган.

Бу орада аёлнинг эри Ричард Рэтклифф ва унинг иш берувчиси Фонд Томсон-Рейтер Жонсоннинг бу гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва Нозанин Эронда хусусий сафар билан бўлгани ва қизини бобоси ва бувиси билан таништирмоқчи бўлганини айтишган. Натижада Британия жамоатчилиги Жонсоннинг айтган сўзлари Нозаниннинг қамоқ жазосини узайтиришга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдира бошлаган.

Ўз навбатида Лондон мэри Содиқ Хон Жонсон ўз лавозимини тарк этиши кераклигини ва у ўз лавозимида турли вақтларда кўплаб хатоларга йўл қўйганини, бу хатолар ливияликлар, америкаликлар, испанлар ва бошқа давлатлар вакилларини ранжитганини айтган.

“Фикримча, у кетиши керак. У ташқи ишлар вазири, унинг иши мамлакатимиз манфаатларига жавоб берувчи дипломатияни юргазиш ҳисобланади. Агар Тереза Мэй кучли бош вазир бўлганда, унда Жонсонни аллақачон бўшатиб юборган бўларди”, деб айтган Хон.

Жонсон ташқи ишлар вазири бўлишдан аввал Лондон мэри лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид