“Агробанк” ишбилармон қизларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда
Ёшлар – келажак эгалари, тараққиёт давомчилари, яратувчилари. Уларни қўллаб-қувватлаш тараққиётни қўллаб-қувватлаш демакдир. Иқтисодиётимизда бир соҳа борки, уни ҳам худди ёшларга менгзаш мумкин. Бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидир. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида ушбу соҳанинг аҳамияти ниҳоятда катталигини барчамиз яхши биламиз. Ички бозоримизни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда, аҳолини, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш ва шу аснода уларнинг муносиб даромад топиши, фаровонлигининг ошиб боришига эришишда айни шу соҳани тез ва жадал суръатлар билан ривожлантириш энг асосий омиллардан биридир.
Бунда, айниқса, қиз болаларни тадбиркорликка йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, қўлида ҳунари бор қиз эртага бировга қарам бўлиб қолмайди, ўз меҳнати, билим ва истеъдоди билан оиласини тебратишга, фарзандларини баркамол инсон этиб тарбиялашга ҳисса қўшади. Бу, ўз навбатида, ёш оилани моддий ва маънавий жиҳатдан мустаҳкамлашда жуда катта муҳим аҳамиятга эга.
Айни шу мақсадлар кўзланган ҳолда мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида ҳам буни яққол кўриш мумкин бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Касаба уюшмаси Федерацияси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган танловда ҳудудлардан 82 нафар ёш тадбиркор қиз ўз бизнес лойиҳаси билан қатнашди.
Ғолиблар орасида “Агробанк” томонидан кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар билан тақдирланган 28 нафар қизлар ҳам бор эди. Улар билан суҳбатлашдик.
– Миллий гиламлар тўқишга жуда қизиқаман, – дейди сурхондарёлик ёш тадбиркор Назокат Собирова. – Устозларимдан ўрганган бу ҳунаримга ижодий ёндашган ҳолда гўзал ва бежирим гиламлар яратишга, уларда халқимизга хос хусусиятларни акс эттиришга ҳаракат қиламан. Бу интилишларим мазкур танловда қўллаб-қувватлангани ва фаолиятимни ривожлантиришга “Агробанк”нинг Сурхондарё ҳудудий филиали томонидан кўмак кўрсатилаётгани менга янада илҳом, куч-ғайрат бағишлади.
Жорий йилда Қонликўл касб-ҳунар коллежини тамомлаган Оразбека Мирзаева мазкур танловда нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инновацион лойиҳаси билан иштирок этди. Унга “Агробанк”нинг Қонликўл филиалидан 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган сертификат берилди.
– Юртимизда навқирон авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир, – дейди “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа” совриндори Оразбека Мирзаева. – Биз, ёшлар яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш учун ҳаракат қиламиз.
– Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида тузган лойиҳам қўллаб-қувватланаётганидан мамнунман, – дейди Тўрақўрғон Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мафтуна Мўминова. – Эчки юнгидан турли кўринишдаги рўмол, шарф ва бошқа тўқувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганман. Бизнес лойиҳамни ишлаб чиқишда мутахассислар, айниқса, ота-онамнинг маслаҳатлари қўл келди. Келгусида тайёрланаётган маҳсулотларни экспорт қилишни ҳам мақсад қилганман. Менга “Агробанк”нинг Тўрақўрғон филиалидан ўз бизнесимни янада ривожлантиришда зарур бўладиган маблағ ажратилаётганидан жуда мамнунман. Кредит ҳисобига хориждан тўқув дастгоҳларини келтирмоқчимиз. Бу эса фаолиятимизни янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур танлов қизларнинг тадбиркорлик борасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашни кўзлаган эди. Бунга эришилмоқда. Бунда “Агробанк”нинг ҳиссаси ҳам катта бўлди, деб айтиш мумкин. Биргина ушбу танловда кўплаб қизларнинг ишбилармонлар сафидан жой олгани ҳам фикримизнинг далилидир.
Сирасини айтганда, мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида бугун жамиятимизда фаол ва ишбилармон аёллар сафи кенгайиб бормоқда. Уларнинг жамият равнақига қўшаётган ҳиссаси ҳам ошиб бораётир. Ёшлар кичик бизнес ва тадбиркорликни ўзининг келажаги деб билаётган экан, юртга хизмат қилишда ана шу соҳани танлаётган экан, уларга мададкор бўлиш хайрлидир.
Telegram: @AgrobankChannel
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
19:21 / 10.06.2024
"Agro Invitro": Жиззахда қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион лойиҳа ишга туширилди
15:05 / 29.04.2024
«Агробанк» Олтинсой филиали бошқарувчиси хизмат автомобилида ЙТҲга учради
16:39 / 07.12.2023
Агробанк АТБ тизимдаги коррупцион ҳолатларга қарши кураш бўйича маълумот берди
08:57 / 06.10.2023