Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари масъул ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Видеоселекторда жойлардан маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари қатнашди.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси юзасидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилиниб, давлат органлари ва кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалар аниқ ва равшан белгилаб берилди.
Давлат идоралари, зиёлилар, маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини бирлаштириш орқали ишлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни — «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди.
Жумладан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, шундан талончилик 16 фоизга, босқинчилик — 19 фоизга, қотиллик — 21 фоизга, товламачилик — 22 фоизга, безорилик — 34 фоизга камайишига эришилди.
Шунингдек, аёллар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари 16 фоизга, ёшлар ўртасида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 17 фоизга камайди.
Аҳоли ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ва мулоқот ўрнатилгани натижасида 1 минг 243 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.






