Жамият | 19:55 / 17.11.2017
9311
2 дақиқада ўқилади

Қаршида ҳайдовчи салкам бир тонна дизель ёнилғисини ҳужжатсиз ташиш вақтида ушланди

Фото:Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

Маълумки, нефть ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари мамлакатимизнинг стратегик аҳамиятга эга бойликлари сирасига киради. Уларни талон-торож қилиш эса миллий иқтисодиётимизга путур етказади. 

Юртимизда айни турдаги жиноятларга қарши мунтазам кураш олиб борилади. Бу ишда божхоначиларнинг ҳам ҳиссаси кўп. 

Хусусан, яқинда ўтказилган тезкор тадбир давомида Қарши шаҳрида фуқаро С.Д. бошқарувидаги “Нексия” автомашинаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, гувоҳлар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салони ва юкхонасига техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига бутунлай зид равишда турли сиғимдаги 23 та елим идишда дизель ёнилғиси ортилгани аниқланди.

Жами 930 литрни ташкил қилувчи ушбу нефть маҳсулотларига тегишли ҳужжатлар сўралганда, С.Д. маҳсулотни гўёки нотаниш кимсалардан сотиб олганини айтган.

Тегишли ҳужжатлар тақдим қилинмаслиги фаолиятнинг ноқонунийлигидан дарак беради. Шунга асосан қиймати салкам 4 миллион 200 минг сўмни ташкил қилувчи дизель ёнилғиси, шунингдек, ушбу ҳолатга алоқадор бўлган “Нексия” автомашинаси вақтинча сақловга топширилди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид