Сув тошқинларига тайёрланиш тартиби ишлаб чиқилди
Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ) порталида Вазирлар Маҳкамасининг Дарё ўзанларини тозалаш, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ҳамда тошқин сувлари ва сел оқимларининг Ўзбекистон Республикасининг очиқ сув оқимлари бўйлаб хатарсиз ўтишини таъминлаш учун ҳимоя ишларини олиб бориш бўйича ишларни янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Лойиҳа сув оқимлари ўзанларини тозалаш ва уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини тартибга солувчи низомни ўз ичига олган. У Президентнинг 2017 йил 25 сентябрдаги ПҚ-3286 сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинган.
Ишларни бажариш тартиби
Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчкиси ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича ҳукумат комиссияси ишларда ташаббус кўрсатади.
Ишлар келаси йилнинг 1 апрелигача тасдиқланадиган ҳамда қуйидаги органлар ва ташкилотлар вакилларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқиладиган йиллик манзилли дастурлар асосида ўтказилади:
• ФВВнинг ҳудудий бошқармалари;
• Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари;
• Ўзгидромет, Давсувхўжаликназорат, Давергеодезкадастр, Давлат экология қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари;
• маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
• лойиҳа ва илмий-тадқиқот ташкилотлари.
ФВВ ҳудудий дастурлар асосида келгуси йил учун сув оқимларида ҳимоя иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ва бошқа ҳимоя ишлари бўйича лойиҳаларни ўз ичига олган йиғма манзилли дастурни шакллантиради.
Лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш
Дарёлар ўзанларини тозалаш ва уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ лойиҳалар ФВВнинг ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари томонидан тендер савдоларини ўтказмасдан ёки бошқа ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Лойиҳаларни рўёбга чиқариш қуйидагилар ҳисобидан молиялаштирилади:
• Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг харажатлар сметасида кўзда тутилган фойдаланиш харажатлари учун республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳамда марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари;
• вазирликлар, қўмиталар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари;
• Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари;
• тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўз балансидаги ижтимоий объектларни ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик юритувчи субъектлар ўз маблағлари ҳисобидан тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш бўйича тадбирларни ўтказади.
Дарё ўзанларида фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.