Жаҳон | 00:41 / 19.11.2017
18094
2 дақиқада ўқилади

Саратонга қарши вакцина илк бор АҚШда қўлланилди

Фото: slavicfamily.org

Саратон (рак) касалини даволовчи дорининг топилиши инсоният учун улкан қадам бўлар эди, бироқ азалдан маълумки, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Bloomberg  нашрининг хабар беришича, яқинда АҚШда бир гуруҳ олимлар персоналлаштирилган (яъни маълум бир инсон учун махсус тайёрланган) саратонга қарши вакцинани синаб кўришган.

Молиялаштирилиши Moderna Therapeutics стартапи доирасида амалга оширилган уникал вакцинани ўз танасида синаб кўрган илк инсон Гленда Кливер бўлди. Олимлар қизнинг геномини секвенирлаб унда бир нечта мутацияларни аниқлашган. Бу мутациялар келажакда қизда саратоннинг турли кўринишларини келтириб чиқариши мумкин бўлган. Гленданинг бош РНКси асосида потенциал 20 та хавфли оқсилларни нишонга олувчи, молекулаларни тўғри йиғиш «йўриқномаси»га эга вакцина тайёрланган. Айни пайтда бемор ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда, бироқ олимлар Глендани кузатишда давом этишмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки бу бундай вакцина яратилаётган илк ҳолат эмас. 2010 йилда Dendreon компанияси ҳам шундай преперат яратган, бироқ уни ишлаб чиқариш ўта қиммат бўлиб, ўзининг самарадорлигини исботлай олмаган.

Америкалик тадқиқотчилардан бошқа давлатлардаги ҳамкасблари ҳам ортда қолишмаяпти. Масалан, немисларнинг BioNTech компанияси меланомага қарши вакцина устидаги тадқиқотларни якунлаган.

Gritstone Oncology корпорацияси эса саратонга қарши вакциналарни 2018 да синашни бошлайди. Бундан ташқари, Neon Therapeutics олимлари сийдик пуфаги, ўпка саратони ва меланомага қарши ўзлари яратган вакцинасининг илк натижаларини ола бошлашади.

Бир қатор компанияларнинг вакцина ишлаб чиқаришга бўлган қизиқишларни ҳисобга олиб, бундай самарали вакцина яқин йилларда яратилишига ва минглаб ҳаётларни қутқариб қолишига кишининг ишонгиси келади.

Мавзуга оид