Жаҳон | 23:20 / 13.11.2024
3586
2 дақиқада ўқилади

Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди

Полшада АҚШнинг Aegis ракетага қарши мудофаа базаси расман очилди. Тантанали очилиш маросимида мамлакат президенти Анжей Дуда, НАТО бош котиби Марк Рютте иштирок этди.

Фото: Marek Borawski/KPRP

Таъкидланишича, Редзиково посёлкасида жойлашган ракетага қарши мудофаа базасига AN/SPY-1 радари, Mk 41 VLS учириш қурилмалари ва SM-3 антибаллистик ракеталари ўрнатилган.

АҚШнинг Полшадаги элчиси Марк Бжезинский очилиш маросимида сўзга чиқиб, айни вақтда мазкур база ўзининг тўлиқ тезкор имкониятлари доирасида ишлаётганини маълум қилди. «Редзиководаги ракетага қарши база ўзининг тўлиқ тезкор имкониятларига эришди», — дейди у. Шунингдек, элчи ушбу база АҚШнинг Полшадаги биринчи доимий ҳарбий базаси эканини қайд этди.

Ўз навбатида Полша миллий мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ракетага қарши мудофаа базасининг очилиши Америка қўшинларининг Полшада «абадий» қолишини англатишини билдирди. «Редзиководаги база — бу Америка қўшинларининг Полша ҳудудида абадий қолишидир. Бу Полша учун 1989 йилдан кейинги муҳим стратегик воқеа», — дея таъкидлайди вазир.

Редзиководаги база Россия Федерациясининг Калининград области билан чегарадан 165 километр узоқликда жойлашган. У радиолокацион станцияга ва учта Mk-41 учириш қурилмасига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири Standard Missile 3 синфидаги ракеталарни тутиб олиш учун саккизта контейнер билан жиҳозланган. НАТОга кўра, Aegis Ashore «соф мудофаа характерига эга».

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид