Жаҳон | 20:50 / 21.11.2017
15408
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг янги президенти инаугурациясига қанча маблағ сарфланиши маълум қилинди

Фото: gov.kg

Қирғизистоннинг сайланган президенти Сооронбай Жээнбековнинг инаугурацияси мамлакат бюджетига 120 минг долларга айланиши маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар берди.   

“Қирғизистоннинг сайланган президенти Жээнбековнинг инаугурациясини ўтказиш ташкилий қўмитасининг навбатдаги йиғилишида асосий ташкилий масалалар муҳокама қилинди ва тегишли давлат идоралари раҳбарларига аниқ вазифалар юкланди. Бундан ташқари, инаугурацияни ўтказиш харажатлари сметаси тасдиқланди. Бу харажатлар 8 млн 404 минг 248 сомни (120 минг доллар) ташкил қилади”, деб айтган матбуот хизмати вакили. 

Таъкидланишича, инаугурацияга жамоатчилик, ижодий ва илмий соҳалар вакиллари, парламент депутатлари, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат жами 450 киши таклиф қилинган.

Аввалроқ Қирғизистоннинг амалдаги президенти Алмазбек Атомбоев янги президент инаугурациясидан кейиноқ дам олишга кетишини маълум қилганди.

Аввал маълум қилингандек, Сооронбой Жээнбековнинг инаугурацияси маросими “Ала-Арча” давлат қароргоҳидаги “Эне-Сай” қабуллар уйида 24 ноябрда бўлиб ўтади ва маҳаллий соат билан 10.00да бошланади.

Мавзуга оид