20 ноябрь куни «Ҳилол-нашр» марказий савдо мажмуасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Қуръони Карим маънолари таржимаси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда info.islom.uz сайти хабар берган. 

Қуръони Карим тиловатидан сўнг бош муҳаррир Эркин Малик тақдимот маросимини очиб бериб, янги нашрни тақдим қилиш учун сўзни ношир Исмоил Муҳаммад Содиққа берган. 

«Ўзининг охирги ва абадий Китоби бўлмиш Қуръони Каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Алийму Хобийр Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Ўзларига Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини таъмин этувчи Қуръони Каримни умматларга омонат ила етказган, унга қандай амал қилишни кўрсатиб берган, Содиқу Масдуқ Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзларининг маҳбуб Набийларидан Қуръони Каримни бирор ҳарфини ўзгартирмай, ўта аниқлик ила қабул қилиб олиб, унга худди шундай аниқлик ва мисли кўрилмаган ихлос билан амал қилиш ила ер юзида икки оёқларида юрадиган жонли Қуръонларга айланган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг ризвонлари бўлсин.
Қуръони Каримга Ўзининг муқаддас китоби сифатида иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳ таолонинг раҳмати, хайру баракаси бўлсин.

Муҳтарам аҳли Ислом, аҳли иймон, аҳли Қуръон биродарлар! Устозимиз, падари бузрукворимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимаси» асарини ана шундай комил ва шомил ҳамду сано ва салавотлар билан бошлаган эдилар. Бугун ушбу китобнинг қайта нашрини халқимизга тақдим қилар эканмиз, ушбу қувончли тадбиримизга хуш келибсиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар ёзсин!

Шайх ҳазратларининг шоҳ асари бўлмиш «Тафсир Ҳилол» салкам юз эллик йиллик танаффусдан сўнг қадим Мовароуннаҳр диёридаги тафсир илмининг қайта тикланиш даврини бошлаб берди. Устозимизнинг Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва бошқа кўплаб илмларга оид асарлари халқимизнинг диний саводини оширишда муҳим ўрин тутди. Шу китоблар туфайли одамларда Ислом ҳақида, дину диёнат ҳақида, Қуръон ҳақида, унинг аҳкомлари ҳақида тўғри тушунча ҳосил бўлди. «Тафсири Ҳилол» халқ орасида кенг тарқалган сари уни ўқиганларнинг қалби Қуръонга ошно бўлиб борди, Қуръонни ўқишга, уни тадаббур қилишга, уни хатм қилишга иштиёқ ортиб борди. Бунинг учун эса олти жилдлик катта китобдан кўра, ихчам, бир жилдлик китоб зарурлиги сезила бошлади. Шунинг учун Қуръони Карим оятларининг ўзини «Тафсири Ҳилол»даги маъно таржимаси билан бирга бир жилдлик китоб қилиб чиқаришга қарор қилинди», деган Исмоил Муҳаммад Содиқ..