Самарқанд вилоятида 23 ёшли йигит ўз хотинининг қотилига айланди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Боғот маҳалласида ташкил этилган бу галги учрашув одатдаги тадбирлардан фарқ қилди. Ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари маҳалла хонадонларидан бирида юз берган мудҳиш жиноятни келтириб чиқарган сабаблар ва унинг оқибатлари ҳақида қишлоқ аҳли билан суҳбатлашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўтган даврда вилоятда 1700 нотинч, ноқобил, ажралиш ёқасидаги оилалар аниқланиб, бу оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш мақсадида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, отинойилар, бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раислари, фаол хотин-қизлар мураббий этиб бириктирилди. Оила вакиллари билан якка тартибда ва психологик суҳбатлар ўтказилди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари, қайноналар кенгаши, имом-хатиблар, отинойиларни жалб этган ҳолда, ажралиш арафасидаги 645 оиланинг муаммолари ўрганилди ва ҳозиргача уларнинг 416 таси яраштирилди.
– Йил бошидан буён вилоятда 2 минг 917 оилавий ажрим қайд этилгани амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини кўрсатади, – деди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова. – Бу ажримлар сабаби таҳлил этилганда, уларнинг 58 фоизи оилавий келишмовчилик ва носоғлом муҳит, 7 фоизи ёшларнинг ўзаро келишмовчилиги, 5 фоизи турмуш ўртоғининг ичкилик ва гиёҳвандликка берилгани, 3 фоизи эр ёки хотиннинг чет элга ишлаш учун кетиб қолгани билан боғлиқ. Шунингдек, ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги, эр ва хотиннинг бир-бири, фарзандлари, жамият олдидаги бурч ва мажбуриятларини билмаслиги, никоҳнинг муқаддаслигини англамаслиги ҳам оилаларнинг бузилиб кетишига олиб келмоқда. Боғот маҳалласида рўй берган мудҳиш ҳодисага ҳам ана шундай омиллар сабаб бўлган. Бу нохуш ҳолат барчамизни ғафлатдан уйғотиб, огоҳликка чорлаши лозим.
– Ҳаёт йўллари ҳамиша ҳам равон бўлмайди, оилада баъзан эр-хотин ўртасида тушунмовчилик бўлиб туради, – дейди Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Л.Убайдуллаева. – Шундай пайтда эр ёки хотиндан бири ўзини жаҳлдан тийса, ён босса олам гулистон – бироздан сўнг яна ҳеч нарса кўрмагандек ярашиб кетишади. Аммо бу оилада эр-хотин ёшлик қилиб, бир-бирини тушунишни истамаган. Бир сафар бу келишмовчилик туфайли хотин отасининг уйига аразлаб кетганда маҳалла-кўй аралашиб, уларни муросага келтирган ва келин эри билан яшай бошлаган. Лекин орадан кўп ўтмай ўртада яна келишмовчилик бошланган ва шундай жанжалларнинг бирида эр жаҳл устида хотинини бўғиб, ўлдириб қўйган. Арзимаган гап-сўз, бир-бирини тушунмаслик оқибатида битта ёш оила барбод бўлди, энди 23 ёшга кирган йигит ўз хотинининг қотилига айланди. Афсуски, бу фақат шу оиланинг эмас, бутун маҳалла-кўй, барчамизнинг фожиамиздир. Оиладаги маънавий муҳит, эр-хотиннинг ўзаро муносабатидан хабардор бўлган ота-она, қўни-қўшни, маҳалла-кўй ушбу хонадонга кириб ёшларга панд-насиҳат қилганида, турмушнинг паст-баландини тушунтирганида бу фожиа рўй бермасмиди?!
Бу бир маҳаллада юзага келган жиноятни муҳокама қилиш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳазалар, чиқарилган хулосалар, холос. Бундай очиқ мулоқот, самимий суҳбат жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилмасдан аввал, оилада келишмовчилик юзага келган вазиятда ўтказилганда, балки ушбу мудҳиш жиноятнинг олди олинармиди.
Мавзуга оид
10:13 / 01.08.2024
Каттақўрғонда Nexia уриб кетиши оқибатида эркак ва унинг 4 ёшли қизи ҳалок бўлди
21:38 / 22.05.2024
Каттақўрғонда боғча тарбияланувчиси жароҳатланди. Уни бошқа бола тишлаб ташлагани айтилмоқда
07:48 / 12.09.2023
Жамшид Насриддинов Каттақўрғон тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди
15:57 / 05.09.2023