Light | 23:48 / 22.11.2017
74262
9 дақиқада ўқилади

Уй доимо иссиқ бўлиши учун қандай иситгич харид қилиш керак?

Фото: Лайфхакер

Қишнинг совуқ ва изғиринли кунлари яқинлашмоқда. Ҳамма ҳам ўз хонадони бундай кунларда иссиққина бўлишини истайди, албатта. Квартираси, дала-ҳовлиси ҳаттоки уйининг ҳовлиси иссиқ ва ёқимли бўлишини истовчилар учун Лайфхакер батафсил йўриқнома ишлаб чиқди.

Иситгичларнинг машҳур турлари

Ҳар қандай иситиш қурилмасининг ўз афзалликлари ва иллати бўлади. Қуйида уларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқиб, эҳтиёжларингизга қай бири кўпроқ мос келишини билиб оласиз.

 

1. Мойли иситгичлар

Фото: Лайфхакер
Polaris PRE J 0920 мойли иситгич

Бундай иситгичлар ичида минерал мой бўлади ва у спирал ёрдамида қиздирилиб, корпусга иссиқ тарқатади. Бундай қурилма тенг тақсимланган секциялардан иборат бўлиб, квартирадаги иситиш батареяларини эслатиб юборади.

Қуввати тенг бўлган икки мойли иситгичдан секциялари камроқ бўлгани кучлироқ иситади. Шунинг учун тўсатдан куйиб қолишдан сақланиш учун секциялари кўпроқ бўлганини харид қилган маъқул.

Плюслари. Мойли иситгичлар шовқинсиз ишлайди, токдан узилгач ҳам узоқ вақт иссиқликни сақлаб туради ва экологик тоза буюм ҳисобланади.

Минуслари. Корпуси қаттиқ қизиши туфайли ёш гўдаклар учун хавфли ҳисобланади. Бундан ташқари, улар хонани жуда секинлик билан қиздиради ва кўп электр токи сарфлайди.

 

2. Конвекторлар

Фото: Лайфхакер
Electrolux Brilliant ECHB-2000 E конвектори

Конвекторлар секциясиз батареяларга ўхшайди. Бундай турдаги иситгичлар пастки туйнугидан совуқ ҳавони қабул қилиб олиб, уни иситиб беради. Натижада ҳаво енгиллашади ва унинг ўзи қурилманинг юқорисидаги туйнукдан чиқиб кетади. Шу йўл билан хона ичида ҳавонинг табиий циркуляцияси рўй беради.

Плюслари. Конвекторлар ҳам шовқинсиз. Улар у қадар қаттиқ қизимайди, бинобарин, ёш болалар учун зарарсиз. Бундай аппаратлардан дала-ҳовлиларни иситишда кўпроқ фойдаланилади: уларни ягона иситиш тармоғига осонгина улаш мумкин.

Минуслари. Иситиш жараёни жуда секин бошланади, ишининг самарадорлиги эса унинг жойлашувига боғлиқ — қанчалик пастда бўлса шунчалик яхши.

 

3. Иссиқлик парраклари

 

Фото: Лайфхакер
VITEK VT-1750 BK иссиқлик параги

Бундай иситгичлар парраклар айланиши воситасида иссиқ ҳаво таратади. Уларнинг корпуси кўпинча автоматик бурилиш механизми билан таъминланади: атрофни бир текис иситиши учун.

Плюслари. Иссиқлик парраклари хонани иситиш тезлиги бўйича етакчи. Улар нисбатан кам энергия истеъмол қилади, шакли ва ўлчамлари турлича эканлиги билан ҳар қандай интерьерга мосини танлаб олса бўлади.

Минуслари. Иссиқлик парракларининг бош камчилиги унинг шовқинидир. Агар иссиқлиқ спиралига чанг, гард ёки ҳашорат қўнса ёқимсиз куйик ҳиди ҳам таралади.

 

4. Инфрақизил иситгичлар

 

Фото: Лайфхакер
Ballu BIH-L-3 инфрақизил иситгичи

 

Бундай турдаги аппаратлар зарарсиз инфрақизил нурланишдан фойдаланади. Шу сабабли улар қуёш сингари ҳавони эмас, нур йўлида пайдо бўлган объектлар: мебель, девор, пол ва инсонларни қиздиради. Инфрақизил иситгичларнинг баъзилари электр энергиясига муҳтож эмас ва газда ишлайди.

Плюслари. Бундай қурилмалар шовқинсиз ишлайди ва нафақат хоналар, шунингдек, ҳовли, ҳарракли айвон ва бошқа очиқ майдонларни иситишда ҳам қўл келади. Бундан ташқари, инфрақизил иситгичлар энг иқтисодлиси ҳисобланади. Айниқса, газда ишлайдиганлари (газ баллони эмас, магистрал газ қувурига уланганлари).

Минуслари. Бу қурилмадан хоналари кўп бўлган катта майдонларни истишда фойдаланиб бўлмайди. Инфрақизил нурлар етиб бормайдиган жойлар совуқлигича қолаверади.

 

5. Электр каминлар

 

Фото: Лайфхакер
Scarlett SC-2055 электр камини

Электр камин — ўзи алоҳида ёки мебелга қўшиб ўрнатиладиган блок бўлиб, анъанавий камин дизайнига эга бўлади. Махсус ёриткич ёки бошқа технологиялар ёрдамида ёнаётган оловнинг имитациясини ҳосил қилиш ҳам мумкин.

Плюслари. Электр камин — биринчи навбатда декорациянинг стилли элементидир. Сиз каминдан ҳосил бўладиган шинамликка эга бўласиз, бироқ ўтин, кўмир ва тутун каби ортиқча ишлардан халос бўласиз.

Минуслари. Бундай қурилмалар жуда ёмон иситади. Шу сабабли жуда қаттиқ ҳавода унга ишониб бўлмайди.

 

6. Иссиқлик пардалари

Фото: Лайфхакер
Tropik M-3 иссиқлик пардаси

Бундай иситгичлар алоҳида аҳамиятга эга. Иссиқлик пардалари нафақат хонани иситади, шунингдек, у ердаги ҳароратни бир маромда ушлаб туради. Эшик ва деразалар устига маҳкамланган қурилмалар пастга йўналтирилган ҳаво оқимларини пайдо қилади. Бундай кўринмас тўсиқлар хона ва кўча ўртасидаги иссиқлик алмашинувига халақит беради.

Иссиқлик пардаларини танлай туриб, уларнинг ўлчамига эътибор қаратинг. Қурилманинг эни дераза ёки эшикнинг энидан кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда ҳаво тўсиғининг майдони етарли бўлмай қолиши мумкин.

Плюслари. Иссиқлик пардалари хонадаги ҳароратни йилнинг исталган фаслида сақлаб туради ва ҳаттоки хонага ҳашоратлар киришига йўл қўймайди.

Минуслари. Бу қурилмалар аслида хонани иситмайди, шунчаки мавжуд ҳароратни бир маромда ушлаб туради.

 

Иситиш майдони

Харид аввалида иситгичнинг қуввати хонангиз ўлчамларига мос келишига амин бўлинг. Бунинг учун аппарат таъминлаб берадиган иситиш майдони ҳажмига эътибор қаратинг. Яхшиси, мўлжалдан ортиқроқ юзани қоплайдиганини харид қилинг. Бироқ орттирилган қувват сизга қимматроққа тушиши мумкин.

Сиз ўзингиз ҳам қайси кўрсаткич сиз учун оптимал эканлигини аниқлашингиз мумкин.

Ҳисобланишича, бир квадрат метр юзани иситиш учун прибордан камида 100 Ватт қувват талаб этилади.

Агар иситгичдан қўшимча иситиш воситаси сифатида фойдаланмоқчи бўлсангиз, квадрат метрга 60–80 Вт ҳам етарли бўлади.

 

Бошқариш турлари

Механик бошқарилувчи иситгичларни фақат қуввати ва иситиш ҳароратига қараб танлаш мумкин. Электрон бошқарилувчи моделлар қимматроқ, бироқ кўпроқ созламалар ва турли иш режимларини таклиф этади. Бундан ташқари, уларда дисплей мавжуд бўлиб, ҳарорат ва бошқа кўрсаткичлар кўриниб туради, уларни пульт ёрдамида масофадан туриб бошқариш мумкин.

 

Қўшимча имкониятлар

Иситгич танлай туриб, қўшимча функциялар ва характеристикаларни ҳам унутмаслик керак. Улардан баъзилари сизнинг танловингизда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Масалан, сиз ванна ёки сауна учун иситгич харид қилмоқчи бўлсангиз, у намликка чидамли эканлигига эътибор қаратинг. Иситгич сиз ўрнатган ҳароратни қатъий таъминлаб туриши учун термостатли модель танланг. Сизни қизиқтириши мумкин бўлган бошқа фойдали имкониятлар орасида таймер, ҳарорат ошганда ёки тушганда автоматик ўчириб-ёқиш, ҳавони намлантириш ва бошқалар бўлиши мумкин.

 

Ўлчамлари ва маҳкамланиши

Иситгич қулай ва хонадаги шароитларга идеал мос келиши учун унинг ўлчамлари ва монтаж қилиш усулларига эътибор қаратинг. Масалан, айрим аппаратлар девор ёки шифтга қотириш имконини берувчи матоҳлари билан сотилса, бошқалари столга қўйиш учун қулай, учинчиси эса пол бўйлаб силжитиш учун ғилдиракчаларга эга. Турли шароитлар учун бирдек мосланганлари ҳам бор.

 

Харидорнинг чек рўйхати

Хоналарни тўлақонли иситиш учун иссиқлик парраклари, мойли иситгичлар ёки конвекторлар харид қилинг. Дастлабкиси — шовқин асабига тегмайдиганлар учун яхши вариант. Агар шовқинга чидашнинг иложи бўлмаса ва хонага ёш болалар кирмаса, мойли иситгич харид қилинг. Агар бехосдан куйишдан қўрқсангиз ёки дала-ҳовлини иситишни мўлжаллаётган бўлсангиз — конвектор олинг.

Кўп энергия сарфламасдан, маълум бир жой, айтайлик, иш жойи, ванна, гараж ёки суҳбатлашиш учун ҳарракли жойни иситишни истасангиз инфрақизил иситгич олинг. Энг яхшиси газ баллончалиси бўлади.

Агар сизга иссиқликдан ҳам кўра эстетика бирламчи бўлса, электр каминларга эътибор қаратинг.

Агар иситиш тизимингиз пайдо қилган иссиқликни бир маромда ушлаб туришни истасангиз, иссиқлик пардалари сотиб олинг.

Иситилиш майдони хонангиз юзасига мос келишини албатта солиштириб, текишириб кўринг.

Агар қулайликни қадрласангиз электрон бошқарилувчи аппарат харид қилинг.

Иситгичнинг қўшимча функциялар рўйхати, ўлчамлари ва уни маҳкамлаш услубларига ҳам эътибор беринг.

Мавзуга оид