Фарғона вилоятининг газлашмаган ҳудудларида ҳам совуқ кунларга тайёргарлик авжида. Аҳоли ўтин ва кўмир ғамлаш билан овора. Кўмирнинг 1 кг 1 300 сўмдан 2 000 сўмгача сотилмоқда. Ўтин нархи эса дарахт турига қараб хар хил. Марғилонлик Муборакхон Давронова ўтин-кўмирдан пулни тежаш учун йил бўйи ёнғоқ ва писта пўчоқларини қишда печда ёқиш учун йиғади.

Муборакхон Давронова тўплаган пўчоқларини ёқишни бошлади

“Қиш учун бу йил ҳам ўтин-чўп йиға олмадик. Баҳордан бошлаб писта пўчоқ борми, ёнғоқ пўчоқми, данак борми, териб келиб тўплайман. Кучимиз етса, арзонлаштирилган кўмир олиб келиб ёқамиз, бўлмаса йўқ. Оилада 9 жонмиз.

Муборакхон Давронова

Ёнғоқ пўчоқларни ҳам ёндираман. Увол қилгим келмайди. Қиш мавсумига ёқамиз десак оиламиз учун 1,5 тонна кўмир кетади”, – дейди Муборакхон Давронова.

Энди баҳоргача тиним йўқ...

“Қаҳратон қиш яқин. Кунлар совиди дегунча ишим бошланади. Биз яшайдиган ҳудудларга табиий газ етиб келмаган. Аррам билан хонадонма хонадон юриб, маълум ҳақ эвазига одамларга ўтин қилиб бераман.

Холматжон Жўраев

Иложсизликдан аҳоли мевали дарахтларини ҳам кесишга тайёр. Шу билан баҳоргача тиним йўқ”, – дейди ўтин кесувчи Холматжон Жўраев.

Қозоқ кўмири харидоргир...

“Қозоғистон кўмирининг майдароғини 1 700 сўм, йиригини эса 1 900 сўмдан сотяпмиз. Қирғиз кўмирларимиз ҳам бор. Уларнинг ҳам нархи қозоқ кўмири билан бир хил.

Азизбек Ҳакимов

Қозоқ кўмирининг алангаси кучли бўлади, яхши ёнади. Чўғи узоқроқ туради. Шунинг учун бўлса керак, аҳоли асосан қозоқ кўмиридан сотиб оляпти.