Ўзбекистон | 14:10 / 23.11.2017
20381
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2025 йилга бориб Doing business рейтингида кучли йигирматаликка кириши керак — Мирзиёев

Фото: Президент матбуот маркази

Бугун, 23 ноябрь куни Сеул шаҳрида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида Корея - Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этди.

Форумда икки давлатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари қатнашишди.

Учрашув бошида Корея савдо-саноат палатаси раиси Пак Ёнг-ман Корея Республикаси президенти Мун Же-Иннинг бизнес-форум қатнашчиларига табрик мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқиши аввалида кореялик ҳамкасбининг форум қатнашчиларига мурожаати икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишида катта аҳамият касб этиши ва муҳим кўприк бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Президентнинг Корея Республикасига ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази «Kun.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистон президенти Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳаларда ўхшашликлар кўплигини таъкидлаб ўтди. У шунингдек, Ўзбекистон корейс тадбиркорлари учун кенг эшик очганини айтиб ўтди. Ўзбекистон президенти айни пайтда мамлакатда бизнес юритишни енгиллаштириш ва хорижий инвестициялари ҳимоялашга йўналтирилган чора-тадбирлар комплекси амалга оширилаётганини қайд этиб ўтди. Ўз чиқиши давомида президент Мирзиёев залда ўтирган Ўзбекистон молия-иқтисодий идоралари раҳбарларига корейс ишбилармонлари билан жипс ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муайян топшириқлар берди.

«Менинг Корея Республикасига давлат ташрифим айнан сизлар билан бошлангани бежиз эмас. Биз Корея компанияларнинг инвестициялари, илғор технологиялари ва менежментини Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш учун жалб қилишдан манфаатдормиз. Бизда корейс бизнесига тақдим этишга арзигулик нарсалар бор», — деди президент Мирзиёев.

«Алоҳида қайд этиб ўтишим керакки, бугун биз мамлакатимизга ишончни мустаҳкамлаш йўли билан инвесторларни жалб қилиш, узоқ муддатли ва олдиндан тахмин қилса бўладиган сиёсат, шаффоф ишбилармонлик ва инвестицион иқлимни шакллантиришга йўналтирилган қатъий чораларни жорий этмоқдамиз. Бу биз томонимиздан тасдиқланган кейинги 5 йилга Ўзбекистонни ривожлантириш Стратегиясининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Биринчидан, биз шу йилнинг сентябридан валюта бозорида компаниялар учун тўсиқларни бутунлай бартараф этиб, миллий валютанинг эркин конвертациясини жорий этдик.

Иккинчидан, биз ташқи савдо сиёсатини янада эркинлаштириш бўйича фаол чоралар кўришда давом этаяпмиз.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги ишларни қайтадан бошладик.

Чуқур қониқиш билан қайт этмоғим керакки, ушбу ташриф давомида ЖСТга аъзо бўлиш масалаларида ҳамкорлик қилиш учун қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш ниятидамиз.

Корея биз бундай турдаги ҳужжат имзолаган илк давлат бўлади. Бундан ташқари, кореялик ҳамкорлар билан ўзаро савдони ошириш шарт-шароитларини яхшилаш имкониятлари ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, биз хомашё маҳсулотлари ва энергия ташувчи маҳсулотлар бозорини эркинлаштиришга киришдик.

Биз уларнинг тақсимотига давлатнинг тўғридан-тўғри аралашувидан буткул воз кечишга, келгуси йилдан бундай маҳсулотларнинг биржа савдолари орқали шаффоф ва бозор механизмлари асосида савдога чиқарилишини жорий этишга қарор қилдик.

Тўртинчидан, кичик бизнес ва ишбилармонлик субъектларига, шунингдек хорижий инвесторларга солиқ юкламасини камайтириш устида тизимли асосда иш олиб бормоқдамиз.

Бешинчидан, бизнесни ҳимоялаш ва унга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилиниб, назорат қилувчи органларнинг ваколатлари кескин чекланди.

Ишбилармонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Омбудсман институти яратилди.

Алоҳида қайд этиб ўтишим керакки, булар биз томонимиздан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг фақат кичик бир қисмидир ва бугунги кунда улар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро тузилмалар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Кўрилган зарур чоралар шарофати билан Ўзбекистон ишбилармонлик муҳити яхшиланиши динамикасида етакчи давлатлар ўнлигига кирди. Бир йил ичида мамлакатимиз Жаҳон банкининг «Дуинг бизнес» рейтингида 13 поғона юқорилади. Биз ўз олдимизга 2025 йилга бориб ушбу рейтингда кучли йигирматаликка киришдек амбицияли ва бемалол амалга оширса бўладиган мақсадни қўйганмиз», — деди Сеулда ўтган Корея – Ўзбекистон бизнес форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид