Жамият | 16:04 / 24.11.2017
11224
7 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар ва хорижий фирмалар ходимлари ўртасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори экани аниқланди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги» мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди.

Ўтказилган сўров маълумотларига кўра, фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 90,5 фоизи Ўзбекистон Конституциясини «мамлакатдаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи бош ҳужжат», деб ҳисоблайди, унда суверен давлат ва адолатли жамиятни шакллантиришнинг фундаментал асослари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлашга, демократия ва ижтимоий адолат идеалларига, фуқаролар осудалиги ва миллатлараро тотувликни таъминлашга содиқлик мустаҳкамлаб қўйилган. 

Ўзбекистонликларнинг фикрича, Асосий Қонуннинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон «давлатчиликнинг бош рамзларидан бирининг ҳуқуқий асоси»га эга бўлди, унинг ғоялари ва нормалари халқнинг кўп асрлик тажрибаси ва маънавий қадриятларини, бой тарихий ҳуқуқий меросини акс эттиради.

Сўров жараёнида фуқаролар билдирган фикрга кўра, Конституция – бу халқнинг иродасини ва миллатнинг бирлигини ифодаловчи қонунчилик ҳужжатидир, бизнинг ҳуқуқий демократик давлатнинг бош рамзидир.  

Мутлақ кўпчилик фуқароларнинг - 86,3 фоизининг фикрича, Асосий қонун нафақат даврнинг замонавий талабларига жавоб беради, балки у истиқболга ҳам мўлжаллангандир. Ўзбекистонликлар шунга ишонадиларки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатда босқичма-босқич, изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг орқага қайтмаслигини, республикани тараққий эттириш ва модернизациялашда динамизм ва барқарорликни мақбул уйғунлаштиришни кафолатлайди. 

Фуқароларнинг ҳисоблашича, Конституция вақт синовидан ўтган умуминсоний ҳуқуқий қадриятлар билан бирга тараққий этган давлатларнинг конституциявий тажрибасини, Ўзбекистон халқининг миллий ўзига хосликларини, маънавий-ахлоқий қадриятларини ва давлатчилигининг бой тажрибасини ўз ичига қамраб олади, бу давлат ва жамиятнинг тадрижий ҳуқуқий ривожланиши, демократик ислоҳотларнинг динамиклиги ва натижадорлигини ошириш мақсадларидаги самарали ҳамкорлиги учун барча зарур шарт-шароитларни яратади, «барча даврларга тегишли ҳужжат» бўлиб ҳисобланади. 

Шунингдек, фуқароларнинг ҳисоблашича, мавжуд конституциявий тизимга киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришлар ва қўшимчалар замонавий талабларни ва одил судлов соҳасидаги халқаро андазаларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштиришга ва мақбуллаштиришга имкон беради.

Жамоатчилик фикри сўровида аҳолининг ўз фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлик даражаси аниқланди. «Сиз ўз фуқаролик ҳуқуқларингизни биласизми?», деган саволга фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги – 92,6 фоизи тасдиқловчи жавоб берди. 

Бандлик кесимида сўровнинг кўрсатишича, ҳарбий хизматчилар, хорижий фирмалар ва қўшма корхоналар ходимлари, фермерлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликнинг юқори даражаси аниқланди. Ёш кесимида 18-19 ёшлилар ва 30 дан 39 ёшгача бўлган ўрта ёш тоифаси вакилларида ўз фуқаролик ҳуқуқларини билишнинг энг юқори баҳолари аниқланди. 

Сўров жараёнида аниқланишича, фуқароларнинг 45,8 фоизи ўз фуқаролик саводхонлигини оширишга интилади ва куч-ғайратларини мавжуд қонунчилик тўғрисида хабардорлик даражасини оширишга сарфлайди. 

Сўров натижаларининг далолат беришича, аҳолининг 54,1 фоизи амалдаги ва янги қабул қилинадиган қонунчилик ҳужжатлари тўғрисида билимларни эгаллашга интилади, ҳуқуқий ахборот олишга вақт ёки зарурат бўлганда имкон қадар ҳуқуқий саводхонлигини оширади.

Сўров натижаларига мувофиқ эркаклар ўз ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун аёлларга нисбатан кўпроқ куч-ғайрат сарфлайдилар, ўз фуқаролик ҳуқуқлари ҳақида маълумот олишга ҳаракат қиладилар. Ёш жиҳатдан олганда, сўровнинг кўрсатишича, 30-39 ёшдаги ўрта ёш ва 18-19 ёшлилар гуруҳларидаги кишилар вакиллари ўз ҳуқуқий билимларини оширишга интилувчи ҳамда бундан манфаатдор ва фаол фуқаролар тоифасини ташкил қилишади.

Машғулот тури бўйича ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сўров жараёнида ўз ҳуқуқий саводхонликларини оширишга интилишлари тўғрисида ҳаммадан кўпроқ фикр билдирдилар, пенсионерлар, уй бекалари ва вақтинча ишга жойлашмаган фуқаролар ҳуқуқ соҳасида ўз билимини оширишда фаоллик кўрсатмаганлар.

Тадқиқот натижаларига мувофиқ кўпчилик фуқаролар – 77,2 фоиз ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ўз ҳуқуқлари тўғрисида маълумот олиш учун оммавий ахборот воситаларига мурожаат қиладилар, жумладан, ҳуқуқий масалаларга ва амалдаги қонунчиликни тушунтиришга бағишланган телерадиоэшиттиришлардан фойдаланадилар, босма ОАВлари ва Интернет тармоғидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунини ўрганадилар. Ёшлар ўқув юртларидаги ўқиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўргана туриб ҳам ўз ҳуқуқий саводхонликларини оширадилар. 

Умуман олганда сўровнинг тасдиқлашича, оммавий ахборот воситалари аҳолида бутун умр давомида узлуксиз ҳуқуқий маданиятни шакллантирувчи муҳим восита бўлиб ҳисобланади, айни вақтда ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари, юридик ёки ҳуқуқий маслаҳатхоналар қандайдир бир муайян даврда бундай таъсир кўрсата олади. 

Тадқиқот жараёнида фуқароларнинг ўз билимларига ва Қонуннинг асосий вазифасини тушунишга, Қонун қандай функцияни бажаришини қанчалик яхши тасаввур қилишларига ўзлари берган баҳо аниқланди. Кўпчилик респондентларнинг (80,7 фоиз) ҳисоблашича, улар Қонун бажарадиган асосий функцияларни англайдилар ва тасаввур қиладилар, Қонуннинг асосий вазифасини тушунадилар. 

Сўров «Қонун» тушунчасига фуқароларнинг қандай маъно юклашини ва уларнинг фикрича, Қонуннинг асосий вазифаси нимадан иборат эканлигини аниқлади. 

Олинган натижаларга мувофиқ ўзбекистонликларнинг қарийб ярми “Жамият ҳаётининг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш Қонуннинг асосий функцияси ва вазифаси”, деган фикрни билдирди, ҳар учинчи респондентнинг фикрига кўра, «фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш» Қонуннинг бош вазифасидир. 

Сўровнинг кўрсатишича, 70,3 фоиз ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, тенг ҳуқуқлиликка, мамлакат ҳар бир фуқаросининг Қонунни бузганлик учун ҳеч ким жазосиз қолмаслигига ва ҳар бир фуқаро ўзининг бузилган ҳуқуқларини қайта тиклашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлигига қатъий ишончга асосланган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш ҳуқуқ нуқтаи назаридан адолатнинг олий принципи бўлиб ҳисобланади. 

Мавзуга оид