Cўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси ҳам аномал иссиқ об-ҳаво билан юзлашмоқда. Табиийки, бундай иссиқ жамоат транспорти фойдаланувчиларига ноқулайлик туғдиради, айниқса, бекатларда автобус кутиш осон эмас. Ҳозирги бекатлар талабларга жавоб берадими? Kun.uz мавзу юзасидан Тошкент шаҳрида аҳоли фикри билан қизиқиб, сўровнома ўтказди.
Респондентлардан бирининг фикрига кўра, пойтахтдаги бекатлар иссиқ бўлгани сабабли уларнинг ичига кириб бўлмайди. Шунинг учун йўловчилар ташқарида дарахтлар соясида автобусларни кутади. Жуда кам бекатларда кондиционерлар бор, борларида ҳам айримлари ишламайди. Баъзи жойларда ҳатто бекатнинг ўзи йўқ.
«Кўп жойларда «скамейка»лар бўлмайди, олиб ташлашган. Иссиқда одамларга қийин, халққа шароит яратилмаган», дейди йўловчилардан бири.
Яна бири: «Ҳозир тепамиз соя бўлиб турибди, шунга ҳам шукур қилиб турибмиз. Қари одамлар, ёш-яланглар, чақалоқлилар бор. Улар бу иссиқда жуда қийналади», дейди.
«Бундай 40-45 градусли иссиқда бекатлар усти ёпиқ, ёни берк, олдида «навес»и бўлиши керак», дейди яна бир йўловчи.
Айримлар кутиш жойларида ўриндиқлар етишмаслиги, кўпчилик тик ҳолатда кутишини айтишди.

Шунингдек, респондентлар бекатларда тозалик талабга жавоб бермаслиги, чиқиндилар кўп тўпланиши, атрофда сочилиб ётишини билдирди. Ногиронлиги бор инсонларга шароитлар йўқ, одамларнинг ўзлари уларга ёрдам беради.
Бундан ташқари, одамларнинг кўпчилиги кутиш жойларини тадбиркорлар эгаллаб олиб, дўконлар, овқатланиш жойлари қилиб олганидан ҳам норози. Бу ҳолат эрталабки вақтларда бекатлар қулф бўлиб, ичкарига киролмаслигига сабаб бўляпти. Айниқса, ёғингарчилик пайтларида инсонлар ташқарида қолиб, жуда қийналишини айтди.
«Бекатлар ичида дўконлар бор. Уларни ён томонга чиқаришса бўларди. Эшикларни қулфлаб кетишади. Ҳеч ким кира олмайди. То эрталаб соат 9-10 эшикни очгандан кейин ичкарига киришади», дейди ҳар куни бекатлардан фойдаланадиган йўловчи.
Сўровномада бекатлар талабга жавоб беради деганлар ҳам бор. Уларга кўра, автобусларни кутишда ҳеч қандай қийинчилик йўқ.


















