«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги» мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди.

Сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, яъни 69%и «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўқиганмисиз?» деган саволга ижобий жавобни танлади, ҳар учинчи респондент Асосий Қонуннинг мазмуни билан умумий жиҳатдан танишган. Конституциянинг асосий қоидалари ҳақида хабардорлигини билдирган респондентлар ўртасида  олий маълумотли фуқаролар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва талабалар устунлик қилади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, кўпчилик ёшлар Конституциянинг мазмуни билан яхши таниш эканликларини билдиришди, эркаклар Конституциянинг мазмуни ҳақида аёлларга нисбатан яхши хабардордир.

Тадқиқот фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмуни билан танишиш учун зарур бўлган сабабларни аниқлашга имкон берди. Сўров натижаларининг кўрсатишича, сўралганларнинг ярмидан кўпи Конституцияни ўз ташаббуси билан ўрганган, чунки улар ҳар бир фуқаро мамлакатнинг Асосий Қонунини билиши керак, деб ҳисоблашади. Фуқароларнинг учдан бир қисмдан кўпроғи Конституцияни таълим олиш жараёнида ўрганган. Олинган натижаларга мувофиқ, бўш вақт ва заруратнинг йўқлиги фуқароларнинг Конституция матни билан танишиш имконига эга бўлмаганликларининг асосий сабаби ҳисобланади. 

Сўров фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўз тузилиши, йўналиши бўйича илгари Ўзбекистон ҳудудида амалда бўлган Конституциялардан тубдан фарқ қилиши ҳақидаги фикрини аниқлади. Ўзбекистонликларнинг фикрича, унинг ўзига хослиги шундан иборатки, Конституция мустақил, демократик давлат бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг мавжудлиги ҳолатининг ўзидан келиб чиқади.

Конституция биринчидан охирги моддасигача, фуқароларнинг фикрича, мустақиллик ва демократия ғоялари билан суғорилгандир. Фуқаролар сўров жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон ҳамжамиятининг ютуқларига асосланади, унда жинсига, миллатига, ирқига, ёшига, мулкий аҳволига, диний эътиқодига ва ҳ.к.ларга боғлиқ ҳолатда у ёки бу даражада инсон ҳуқуқларини камситадиган бирорта ҳам модда йўқ, деган фикрни билдиришди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида демократиянинг асос бўлувчи моҳияти мустаҳкамланган, унга мувофиқ «халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир». 

Фуқароларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг умуминсоний қоидаларга асосланиши унинг кучли томони бўлиб ҳисобланади. Унга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти (24-модда), эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги (25-модда), шаъни ва қадри (25-модда) ҳамда мулк ҳуқуқи (36-модда), меҳнат қилиш ва ҳақ тўланадиган дам олиш, кексаликда ижтимоий таъминланиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш (37-41-моддалар) каби ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.