Жамият | 12:20 / 09.12.2017
20051
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмоновдан янги йил совғаси: Хосе Каррерас Тошкентда концерт беради

Фото: Pre-Party

17 декабрь куни соат 19:00да Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида испаниялик таниқли тенор Хосе Каррерас Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри жўрлигида концерт беради.

Оркестрга дунёдаги энг машҳур дирижёрлардан бири, испаниялик таниқли маэстро Давид Гименес раҳбарлик қилади. Гименес Хосе Каррерас, Пласидо Доминго, Анна Нетребко, Кири Те Канава, Роберто Аланья, Анжела Георгиу каби хонандалар билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келади, деб хабар бермоқда Anons.uz.

Хосе Каррерас энг машҳур дирижёрлар билан ҳамкорлик қилган. Улар орасида Герберт фон Караян, Клаудио Аббадо, Риккардо Мути, Лорин Маазель, Риккардо Шайли, Колин Дэвис, Жузеппе Синополи, Жеймс Левин, Карло Мария Жулини, Леонард Бернштейн ва Зубин Мета бор.

Каррераснинг репертуарида олтмишдан ортиқ опера бор. Улар орасидаги энг машҳурлари - «Богема», «Тоска», «Вертер», «Дон Карло», «Кармен», «Ла Форза дель Дестино». Унинг ижро услуби ҳар бир одамга тушунарли, маҳорати эса – такрорланмас. Бироқ испаниялик хонанда фақатгина бу билан машҳур эмас. Бутун дунёни ҳайратга солган жиҳатлардан бири – Каррераснинг репертуари 600 дан ортиқ турли услубларни ўз ичига қамраб олади (бароккодан замонавий мусиқагача). Унинг дисклари эса кўп бора олтин ва платинали мақомни олган.

Қайд этилишича, режалаштирилаётган концерт миллиардер Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон фуқароларига янги йил совғаси бўлади.

Таъкидланишича, Хосе Каррерас концертига чипталарнинг бир қисми душанба, 11 декабрдан «Истиқлол» санъат саройи кассаларида сотила бошланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид