Ибратли касб тарихи. Қабристон қаровчиси билан суҳбат
Оламларнинг сарвари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз айтдилар: «Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади». Дарҳақиқат, бой ва фақир, олим ва деҳқон ҳам бир кун келиб мана шу масканда мангу ором топади.
Айтмишларким, кимки мамлакатнинг қудрати ва турмушини билишни истаса, бозор айлансин, мозор кезсин. Ана шу нақлга амал қилиб, Kun.uz мухбири Тошкент шаҳрида жойлашган қабристонлардан бирида меҳнат қилиб келаётган Мироқил ота билан суҳбат уюштиришга қарор қилди.
«Мен ота касбини салкам 40 йил мобайнида давом эттириб келаман, қолаверса, ўғилларимга шу касбни ўргатаман. Қабристон қаровчиси, гўрков ёхуд мангу тинчлик чўмган ернинг хизматчиси бўлиш ўзига яраша масъулият талаб этади», дейди Мироқил ота.
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган, халқ орасида «Фозил Ота» номи билан машҳур ибратхонада хизмат қилувчи Мироқил Фозилов ота касбини давом эттириб келаётган ҳудуд қаровчиси ҳисобланади. Унинг айтишича, айни пайтда қабристонга айлантирилган ер бундан салкам бир аср муқаддам Фозил отага қарашли ҳовли-жой бўлган.
«У пайтлар кичик болалар тез-тез вафот этиб қоларди. Шунда отам гўрковнинг масъулиятини бўйнига олиб, уларни мусулмон таомилига кўра дафн этишни бошлади. Ўзим илк марта 17 ёшимда қабр қазиб, майит кўмганман», деб сўз бошлади у.
Унинг айтишича, ҳар бир майит учун жой тайёрлашда алоҳида қабул қилинган қоидалар бор. Зеро, бундай нозик масалалар ушбу ишни покизалик ва тоза қалб билан бажаришга ундайди.
«Энг аввало, озодалик талаб қилган гўрковнинг ҳаётида маст қилувчи ичимлик ичиш, чекиш ё уят сўзлар билан сўкиб, бузуқилик қилиш ярашмайди. Вафот этган кимса учун гўр қазишда ўзига хос одоблари бор: айвонининг сатҳи кўкракдан юқори туриш керак, лаҳаднинг ичида эса бир киши бемалол тиз чўкиб ўтира олиши зарур. Майит ётқизилганда оёқ томони нишаброқ бўлиб, боши юқори томонга қўйилади. Майитнинг ўнг томони ҳам қия нишаб бўлиб, юзи қиблагоҳга қаратиб қўйилади. Қадимдан қолган таомилга кўра, Хўжандга оёқ, бош Туркистонга мос қилиб қўйилади», дейди Мироқил ота.
Айрим ҳолда қаровсиз қолган мурдаларнинг жойига келиб, қабр устидаги ўт-ўланларни йиғиштирар экан Мироқил ота тўртлик шеърни қайтариб туришини таъкидлаб ўтди.
Кимнингдир қабрини ўт босган тикон,
Унинг фарзандлари мутлақ унутган.
Кимнингдир қабрида очилган чаман,
Унинг фарзандлари гул уруғин сочган.
Ушбу қабристонда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, асирликда Ўзбекистонга келтирилган япон собиқ ҳарбийлари ҳам дафн этилган. Фозиловлар ўзга миллат вакилларининг жойларини ҳам обод қилиб, таъмирлаб туради. Узоқ йиллар мобайнида ана шу кичик қабристоннинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаган. Шу боисдан Мироқил Фозилов 2017 йил Япония императорининг юксак ордени билан тақдирланди.
Суҳбатни тўлиқ томоша қилиш учун қуйидаги ҳавола орқали Youtube ёки Mover платформасига ташриф буюринг.
Tas-IX
YouTube
Мавзуга оид
07:30 / 25.09.2024
Тошкентда Malibu-2 ва Lacetti тўқнашиши оқибатида уч киши жароҳат олди
10:41 / 20.07.2024
Россия қабристонларни кенгайтириш учун давлат харажатларини уч баравар оширди
13:38 / 07.06.2024
Шавкат Мирзиёев Яккасарой ва Яшнобод туманларига ташриф буюради
09:20 / 25.05.2024