Ўзбекистон | 16:30 / 10.12.2017
56520
2 дақиқада ўқилади

«Океанларга чиқиш учун». Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш зарурати ҳақида гапирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими вақтида қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

«Биз Қозоғистон билан кўп иш қиляпмиз. Ўзаро савдо айланмасини 35 фоизга оширдик. Машиналаримиз Қозоғистонда тайёрланади. Одамларимиз бориб ишлайди, янги иш ўринлари яратилади.

Туркманистон билан ҳам кўп ишлар қиляпмиз. Туркманистон орқали йўл очмоқчимиз. Шу мақсадда яқинда бош вазиримиз Озарбойжонга бориб келди. Боку-Тбилиси-Қарс темир йўлида қатнашмоқчимиз.

Чунки, ҳозир дунёда рақобат кетмоқда. Ҳар бир давлат ўзи учун курашиши керак. Баъзи иқтисодий режаларимизни амалга ошириш учун ҳозир денгизларга йўлимиз йўқ. Шунга қараб ҳаракат қилишимиз, қўшниларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашимиз керак.

Тожикистон президенти билан 4 марта учрашдим. Кўндаланг турган муаммоларни ечишимиз керак. Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон билан қандай дўст бўлсак, Тожикистон билан ҳам яхши бўлишимиз керак. Борди-келдимиз бошланди, газ, электр энергия оламиз.

Афғонистон президентининг ташрифи ҳам муҳим. Икки ярим соат гаплашдик. Кўп нарсаларни келишиб олдик. Бу ташриф оддий ташриф эмас, бу мулоқотлар оддий мулоқотлар эмас. 

Бугун сизларга ёруғ юз билан айтишим мумкин - яхши келишувлар бўлди.

Ўзбекистон океанларга чиқиши керак. Афғонистонда қуриладиган темир йўл келажагимиз учун. Фарзандларимизнинг йўли очиқ бўлади. Шуни қилолсак, фарзандларимиз бизга ўхшаб бошқаларга қарам бўлмайди. Экспорт қилинадиган маҳсулоти 50 баробар арзон бўлади. Ҳозир йўлимиз йўқлиги учун маҳсулотларимизнинг таннархи қиммат. Фарзандларимизнинг йўли бўлади», деган президент.

Мавзуга оид