Ўзбекистон | 23:53 / 10.12.2017
12185
3 дақиқада ўқилади

Президент фермерчиликда илмнинг ролига эътибор қаратди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Республика қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам  тадбирида сўзга чиқиб, фермерчиликда илмнинг тутган ўрни ва бу борада чет давлатларининг тажрибаларига эътибор қаратди.

"Муҳтарам Жанубий Корея президенти бизни жуда катта бағрикенглик билан кутиб олдилар. Биз ҳамма масалаларни келишиб олдик. 20 нафар фермер бориб ўрганиб келса бўлмайдими илм, билим нима дегани?! Хитойга боряпмиз. Хитой 1 гектар ердан неча центнер пахта оляпти? Индонезия балиқдан қанча оляпти? Малайзия қанча мева-сабзавот экспорт қиляпти? Уларда бундай ерлар борми? Туркияда қандай ҳаракатлар бўляпти? Тошлиқда боғ экиб, бутун Европани тўлдириб беряпти! Бизда Жиззах, Андижон, Қашқадарё, Тошкент вилоятида қанча-қанча адирлар бор.

Илм билан, ўқиб қилган ҳаракатларимиз бизга ҳар йили ҳам даромад беради, ҳам манфаат беради, ҳам ўзимизни ўзгартиради. Биз ўзимизнинг ёшларга муносиб бўламиз.

Эски деҳқон, эски пахтакорлар ҳам керак - уларнинг маслаҳатларини олишимиз керак, лекин ҳозир 15-20 йил олдин бўлмаган катта-катта хавф-хуружлар бўлмоқда. Мана Сурхондарёдаги ҳашарот бўйича - ҳеч қайси олим билмайди. Бечора деҳқонни нима айби бор? Ҳа, нима бўлди десак: "Йил ёмон келди" дейди.

Тўғри, деҳқончиликда йил йилга ўхшамайди, лекин агар илм билан иш қилсак, шу 10-20та хавф-хатарнинг олдини олиб иш қилсак, натижа биз кутгандек бўлади.

Биз нимага шунча маблағ беряпмиз, кўп тармоқли фермерга нима учун эътибор қаратяпмиз? Арзон вақтида эмас, уни фермер даромад топадиган вақтида сотиш керак-ку! Мана, биз дунёқарашимизни қандай ўзгартиришимиз керак.

Нима учун ҳамма нарсани ўзгартиряпмиз? Энди бўлди пахтани сотиш, тайёр маҳсулот сотишимиз керак. Бўлди энди тайёр маҳсулот сотадиганлар 50 фоиз даромад топиб, фермер 1 тийин даромад олмаган - у замон ўтиб бўлди. Пахтадан келган даромадини фермер сезиши керак. Ана шунда у келгуси йилга машаққат билан меҳнат қилади.

Мавзуга оид