Жамият | 17:40 / 11.12.2017
25047
2 дақиқада ўқилади

Ўзбошимчалик қимматга тушди

Ўзбекистон Республикасининг президентининг фармонига кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Мажбурий ижро бюросининг асосий вазифаларидан бири электр, газ узатиш ва тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, қарздорликнинг камайтирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш каби бир қанча чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.

Афсуски, хонадонлардаги ҳисоблагичларга зарар етказиш, уни бузиш, кўрсаткичларни ўзгартиришга уриниш, шу орқали ишлатилган электр энергияси ва табиий газ тўловларидан қочиш ҳолатлари учрамоқда. Бу сингари хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилган.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилояти Норин тумани бўлими томонидан энергия ресурсларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Дўмар МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Ислом Жўраевнинг хонадони кўздан кечирилганда, у ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, электр энергиясидан фойдаланиб келганлиги оқибатида давлат манфаатларига 1 млн 519 минг сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги аниқланди.

Олиб борилган суриштирув давомида давлат манфаатларига етказилган моддий зарар тўлиқ ундирилди. Қоидабузарлик юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлиги сабабли Ислом Жўраевга энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси қўлланилди. 

Мавзуга оид