Наманган вилоятининг Косонсой туманида машина юкхонасида ўтириб ҳаракатланган 21 ёшли йигит вафот этди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа 2 октябр куни соат 16:00 ларда туманнинг Боғибаланд кўчасидаги ички йўллардан бирида содир бўлган. 21 ёшли йигит “ВАЗ-2107” автомашинаси юкхонаси устига дўстини ўтқазиб олиб, турли манёврлар қилиб ҳаракатланган.

Юкхонадаги йигит (2003 йилда туғилган) ерга йиқилиб, турли тан жароҳатлари олган. У шифохонага ётқизилиб, тиббий муолажалар кўрсатилганига қарамай, 12 октябр куни вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноий иш қўзғатилган.