Ўзбекистон | 23:47 / 14.12.2017
84584
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қишнинг чилласида қулупнай ва қора помидор пишмоқда 

Сурхондарё вилоятидаги серунум 100 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхоналарда қишни чилласи яқинлашиб қолганига қарамай, қулупнай, карам, помидор ва турли кўкатлар етиштирилмоқда. Ҳайратланарлиси шундаки, ноёб навдаги қулупнай ва помидорларнинг таъми ўзгача, катталиги ва оғирлиги ҳам маҳаллий мева ва сабзавотлардан фарқ қилади. KUN.UZ мухбири GDF Агро фирмасига қарашли иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишишга қарор қилди. 

Айни пайтда иссиқхонанинг 80 гектар қисми ишга тушиш арафасида бўлиб, келгусида 20 гектар майдонда ишни ташкиллаштириш учун қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Режага мувофиқ, 80 гектар майдондаги иссиқхона бўлмалари Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган техника ва қурилиш ашёлари билан жиҳозланади. Қолган қисми эса хитойлик тадбиркорларнинг муваффақияти негизида барпо этилган. 

«Ҳар битта иссиқхона ўртача ҳисобда 1,3 гектар майдон ерда ташкил этилган. Қулупнайларнинг барчаси Туркия технологияси асосида, гидропоника усулида етиштирилмоқда. Мевани эркин ривожланиши учун таг ери (кокопет) ҳам Туркия Республикасидан келтирилган. Ерга экилган ўсимликдан 45–50 кун ичида ҳосил олиш имконияти бор. Қулупнай новдаси эркин шароитда узун ўсиб кетиши кузатилади, бизнинг агрономлар бундай ҳолатда кўчатларни назоратда сақлаб туриши лозим. Негаки, катта кўчатда ҳосилнинг мазаси йўқолиб, шакли бузилиши мумкин», дейди ишлаб чиқариш комплекс раҳбари Фазлиддин Жўраев. 

Комплекс раҳбари Фазлиддин Жўраев

Сурхондарё иқлими иссиқ континентал нуқтага яқин бўлгани учун ёз кунлари ҳаво қизиб кетиши тез-тез кузатилади. Корхона мутасаддилари минтақанинг бундай ўзига хосликларини ҳисобга олиб, иссиқхона шифтига ҳарир парда боғлаган. Шунинг билан қуёш нурлари тўсилиб, махсус сув пуркагичлар орқали микроиқлим яратиш имконияти пайдо бўлади. Қишин ёзин иссиқхоналар ичида ҳарорат 25 даражада ушлаб турилади.   

Бош агроном Абдурайим Убаевнинг таъкидлашича, кўчатларнинг суғорилиши марказий бошқарув компьютери орқали амалга оширилади. Қулупнай ёз кунлари саккиз марта, қишки мавсумда эса кунига икки марта томчилаб суғориш технологияси асосида намланади. Компьютер интернетга уланган, зарурият туғилганида туркиялик ҳамкорларнинг мутахассислари иссиқхонадаги вазиятга аралашишлари ҳам мумкин. 

Бош агроном Абдурайим Убаев

«Мева учун сув махсус осма фильтр аппаратидан юборилади. Бошқарув компьютерида сувнинг таркибида минераллар ва фойдали озуқаларнинг бир меъёрда бўлиши таъминланади», дейди агроном. 

600 нафарга яқин меҳнаткаш доимий иш билан таъминлаган иссиқхонада яна 400 га яқин кишилар қурилиш ишлари билан банд бўлмоқда. Бош агроном Абдурайим Убаевнинг айтишича, иссиқхонанинг бир бўлмасида ёш ходимларнинг илмий изланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида синов майдончаси ташкил қилинган. Унда гулкарам, руколла, ялпиз, райҳон, кўкатлар, қулупнайнинг бошқа турлари ҳамда помидорнинг бир неча турлари, жумладан, чери нави етиштирилмоқда. Убаевнинг таъкидлашича, турли экспериментларга қўл уриш қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, айсберг навидаги карамлар Ўзбекистон шароитида табиий ўсмайди, шунинг учун иссиқхонада уни етиштиришнинг турли услублари эксперимент қилинмоқда. 

«Иссиқхонанинг помидор кўчатлари экилган блокида 15–17 нафар ходим меҳнат қилади. Қиш кунлари иссиқхонада ҳаво ҳарорати кечаси 17–18 даража илиқ, кундузи эса 27 даража бўлиши оптимал ҳолатдан дарак беради. 

Иссиқхонада Pink Paradise навидаги машҳур помидор кўчатлари экилган. Корхонада етиштирилаётган помидорлар Япониянинг Саката фирмасида тайёрланган уруғлар орқали кўчат ҳосил қилиниши билан ўсиб боради. Унинг ҳосилини зарарсиз териб олиш учун помидор куяси, оқ пашша ва трипстар зараркунандаларидан сақлаш лозим. Помидор уруғи ерга қадалгач 6-7 кунда кўкаради, кўчат куртак отиши билан 60-70 кунда ҳосил бера бошлайди», дейди бош агроном.

 

Мавзуга оид