«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматнинг Шавкат Мирзиёевнинг бир йиллик фаолиятига бағишланган «Ҳаётдан мамнунлик саодати» сарлавҳали таҳлилий мақоласи «Халқ сўзи online» сайтида эълон қилди.

Бундан бир йил муқаддам — 4 декабрь куни халқимиз халқаро ҳуқуқ меъёрларига мос равишда, ўз хоҳиш-иродасини очиқ-ошкора намоён қилди. Юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев учун овоз берар экан, бу инсон раҳбарлигида тинч ва осуда ҳаёт кечиришимиз, фаровонлик, юксак тараққиётга эришишимиз муқаррарлигини ҳис этишди.

Халқимиз шууридаги айнан шу ишонч, қалбидаги ҳис-туйғу нечоғли тўғри ҳамда ҳаққоний эканлигини Америка Қўшма Штатларининг 4,2 миллионлик аудиторияга эга «Real Clear World» нашрида эълон қилинган мақола муаллифи Жеймс Дурсо ҳам алоҳида қайд этиб ўтди: «Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланган кундан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди». Эътибор беринг, жаҳоннинг энг машҳур сиёсий нашридаги бу эътироф шунчаки баҳо эмас.

Бинобарин, 365 кун ҳаёт чархпалагида бир лаҳза, холос. Аммо шу қисқа фурсат орасида бажарилган ишларнинг, ечимини топган муаммоларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Юртбошимиз илгари сураётган ташаббуслар халқимиз томонидан якдиллик ила қўллаб-қувватланди. Зотан, ҳар бир эзгу ташаббус инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятли ва қадрлидир.

Ўзбекистон раҳбари ўз ғайрат-шижоати, бунёдкорликка интилиш салоҳияти билан барча фуқарони эзгу мақсадлар сари етакламоқда. Ҳайратга соларли даражадаги шижоат барчага намуна бўлиб, уларни янги марралар сари руҳлантираяпти. Зеро, белгилаб олинган шиддатли суръатга мос ҳолда, юз бераётган воқеа-ҳодисалар ортидан “улгуриш” учун ишга янгича ёндашув талаб қилинади. Давлат раҳбарининг эзгу ғоялари рўёбга чиқаётгани, иқтисодий қудратимиз тобора ортиб, ижтимоий соҳалар ривожланиб бораётганини оммавий ахборот воситаларида акс эттириш ҳам ана шуни талаб қилади. Мамлакатимиз олдида турган галдаги вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш асносида халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш энг асосий ўринни эгаллайди ҳамда бунда ҳар бир йўналиш муҳим ва долзарбдир. Ислоҳотларнинг жадал амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлаётган юртдошларимиз ўз манзилу маконларида бу жараёнга фаол киришмоқдалар.

— Жамиятда кўтаринкилик сезилиб турибди, — дейди Марказий Осиё ва Кавказ институти (АҚШ) раҳбари Фредерик Старр журналистларнинг Ўзбекистонда Президент сайловидан кейин юз берган ўзгаришлар ҳақидаги саволига жавоб қайтарар экан. — Келажакка ишонч ҳисси кун сайин кучаймоқда. Одамлар мавҳум сўзлар эмас, балки амалий қадамларга бажонидил муносабатини билдирмоқда. Бу ҳолатни нафақат расмий доираларда, айни пайтда фуқаролар орасида кузатиш мумкин. Бундай кайфият, албатта, катта-кичик амалдорларда бўлиши табиий. Лекин оддий кишиларда бундай руҳият уйғониши бошқа нарса. Айнан ана шу омил натижа бериши жуда муҳим ҳисобланади.