Спорт | 09:58 / 18.12.2017
14221
2 дақиқада ўқилади

Видео: Суарес рабона усулида гол урди. Ҳакам яна «Барселона»нинг тоза голини инобатга олмади

«Барселона» – «Депортиво» учрашуви вақтида Луис Суарес меҳмонлар жамоаси дарвозасига рабона зарбаси билан гол урди. Аммо учрашув арбитрлари мавсумнинг энг чиройли голларидан бирини инобатга олишмади.

Қуйидаги видео ва фотоларда ушбу ҳолатда тўп чизиқни кесиб ўтгани яққол кўриниб турибди.

Суареснинг ажойиб зарбасидан кейин тўп чизиқдан ўтган, аммо дарвозабон Рубен Мартинес уни дарвоза ичидан ортга қайтарган. Бу вазиятда таблода ҳисоб 3:0 кўринишида эди.

Суарес ўйинда иккита гол урди ва «Барселона» 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди

Испаниялик собиқ ҳакам Итурральде Гонсалес ушбу эпизодга муносабат билдирган: «Бундай вазият Ла Лига учрашувларида кузатилиши табиий. Голни аниқлаш тизимига зарурат 5 фоиз ҳолатларда рўй бериши мумкин, аммо бу муҳим вазиятлар бўлиб чиқади. «Камп Ноу» стадиони голни аниқлаш тизимини ўрнатишга тайёр, аммо Ла Лига бунга рухсат бермаяпти».

Қайд этиш керакки, «Барселона» жорий мавсумда иккинчи марта шундай ҳолат туфайли голдан қуруқ қолмоқда.

14-тур доирасида «Валенсия»га қарши кечган ва 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган учрашувда ҳам арбитрлар Лионель Мессининг зарбасидан кейин тўп «кўршапалаклар» жамоаси дарвозаси чизиғини кесиб ўтганини қайд этишмаганди.

«Барселона» – «Депортиво» учрашувида Матеу Лаос бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ишлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид