Сурхондарё вилоятининг Денов тумани, “Ўртақишлоқ” МФЙда 2016 йилда “Камолот” уйлари қуриб, ўз эгаларига топширилган. Бу уйга яхши ниятлар билан кўчиб келган давлатимиз ижтимоий ҳаётида муносиб ўринга эга оилаларнинг қувончи узоққа чўзилмади. “Камолот” уйлари камолига етказиб қурилмагани фош бўлди.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг KUN.UZ сайтига берган маълумотига кўра, вазият анча жиддий. Уларнинг айтишича, уйлардаги иситиш тизими мутлақо ишламайди. Хоналар музлаб ётибди.
“Ёш болам бўлганлиги сабабли, ота-онамнинг уйига қайтиб кетдим. Аммо уйи йўқ ёки кўпчилик бўлиб яшайдиганлар нима қилади, ҳайронман”, - дейди маҳалла фуқароларидан бири.




Вазият билан яқиндан танишарканмиз, хоналарда қўйилган иситиш батареялари стандарт талабларига мутлақо тўғри келмаслигига амин бўлдик. Чунки ҳозир чўян батареялардан фойдаланиш тақиқланган бўлиб, уларнинг ўрнига пластик батареялардан фойдаланилмоқда.
“Бу масала юзасидан туман ҳокимияти ва бошқа мутасадди вакилларга мурожаат этдик, аммо ижобий ҳеч қандай ечим бўлмади. Фақатгина уй котелига ёқиш учун 500 килограмм кўмир беришди холос. Замонавий уйларни кўмир билан иситиш жуда кулгили. Газ қувури келган, аммо улаб беришмаяпти. Бу - шу уйни қурган “Мармар” хусусий корхонаси ваколатига кирармиш. Улар билан гаплашсак эса, бизнинг шартномада уйларни газлаштириш шартлари кўрсатилмаган эди, дейишмоқда. Хуллас, ҳар икки томон ҳам масъулиятни ўзидан соқит қилишга уринмоқда”, дейди яна бир фуқаро.
Таом пишириш, чой-пой деган нарсалар учун эса ҳар ким ўз уйига суюлтирилган газ баллони олиб келиб жойлаштирсин, деб айтишибди фуқароларга. Тасаввур қилинг, фойдаланиш учун топширилганига эндигина бир йил тўлган уйда газ баллонидан фойдаланилса, бу на хавфсизлик талабларига ва на бошқа қолипларга тўғри келмайди.























