08:27 / 25.06.2024
12702

Деновда савдо мажмуаси ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди

Воқеа жойига Денов, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Қумқўрғон туманлари ФВБнинг 9 та ёнғин-қутқарув экипажлари етиб борган.

Бугун, 25 июн тунги соат 02:12 да Денов тумани Бобур маҳалласида жойлашган «Бек» МЧЖга қарашли савдо мажмуаси ҳудудидаги 4 та асосий ва 8 та кичик савдо дўконларида ёнғин содир бўлган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, 90 квадрат метр майдондаги буюм ҳамда кийим-кечаклар ёнғиндан зарарланган.

Воқеа жойига Денов, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Қумқўрғон туманлари ФВБнинг 9 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 02:20 да етиб бориб, ёнғин соат 02:30 да қуршаб олинган ва соат 03:50 да батамом ўчирилган.

Ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида мажмуа бошқа ҳудудларига ёнғин тарқалишининг олди олинган ва 48 та савдо дўкони ҳамда 500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Top