Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаатномасида маълум қилди.
“Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт. Ўтган бир йил давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Хусусан, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Кенгаш томонидан судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Нима учун мен буни бир йил репетиция қилдим? Мана, менга олиб келади – судга қўл қўйиш учун. Мен қандай унга қўл қўяман, у уч ойдан кейин коррупцияга аралашиб кетмоқда. Шунинг учун мана Судьялар олий кенгаши бўлди. Лекин, менга олиб келади, барибир мен уни кўраман. Мен уни қаердан танийман? Роса мақтайди. Мен Олий суднинг раиси ва унинг муовинларидан мутлақо норозиман. Уч ойни ичида тўртовингни ҳам ишдан оламан. Сен ўйлама – сайлади-ю қўяди, деб. Йўқ, менга халқ ваколат берган, бошқа ҳеч ким эмас. Сизларнинг оёғингиз ердан узилса, мен инсофли, деб қўйганман ўша ерга. Дафтарда олиб келиб, плюс-минус қилиб бераётганини мен ҳам эшитмоқдаман. Ўртоқ Исмоилов, у ўйинларни йиғиштиринг. Умринг узоқ бўлмайди. Ахмедбаевнинг ҳамма генералларини қайтиб олиб, биласан қаерда юрибди ҳозир. ИИВ вазири. Сотқинлиги учун, хиёнатчилиги учун. ИИВнинг вазири шундай хиёнатчи бўлиб, бир-иккита тўдага қўшилгани учун мен унинг Ўзбекистоннинг вазири бўлиб юришини виждоним қабул қилмади, икки генералини ҳам олиб ташладим. Генерал-лейтенант эмиш. Шунинг учун сен ҳам унутма. Мен нега бундай қаттиқ гапирмоқдаман? Бу суднинг тайинлашдан олдин Андижонга ўзи борди. Ўнта судни олиб юриб, ўнта маҳаллага олиб борди – биронта маҳалланинг аҳли ёки фаоллари суднинг раисини танимайди. Ким у суднинг раисига ваколат берибди осмонда юришига? Ким, ўртоқ Усмонов?
Шунинг учун жамоатчилик деганимиз – судни тайинлашдан олдин ўша туманга бориб, муҳитини, одамларни билсин, одамларнинг менталитетини билсин. Кейин марҳамат – мен қўл қўйиб бераман. Одам билан ҳамнафас бўлсин у. Қарор чиқаришимиз тарбия-ку! У қамаган одам ҳам Ўзбекистон фуқароси-ку! Ноинсоф учта турибди мана муовин, бир тийинга қиммат ҳаммаси. Менинг ўзим ҳали одамни тарбия қила олмаяпман. Бизда энг катта вабо – бу судларда.
Мазкур соҳадаги ислоҳотларни давом эттиришимиз лозим. Шу мақсадда Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.

















