Ўзбекистон | 19:20 / 21.10.2024
1393
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди

Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб тергов судяси институти жорий этилади. Олий суд матбуот хизматига кўра, бу борадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш судялар учун муҳим аҳамиятга эга.

Фото: Олий суд

Тошкентда Олий суд, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти (Словения) ҳамда Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (ИРЗ) ҳамкорлигида судялар учун «Судга қадар иш юритишда фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси» мавзусида семинар-тренинг бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг июн ойида «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинганди.

«Мамлакатимиз суд амалиётида 2025 йилдан бошлаб тергов судяси институти жорий этилаётганини инобатга олган ҳолда бу борадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш судялар учун муҳим аҳамият касб этади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, семинарда суд, прокуратура ва полиция органларида фаолият юритаётган тажрибали хорижий экспертлар тергов жараёнида фуқаролик ҳуқуқлари аҳамияти ҳамда уларни ҳимоя қилиш услублари бўйича Германия ва Словения тажрибасига доир маърузалари билан иштирок этади. Шунингдек, тадбир кун тартибидан айбланувчиларнинг ахборот олиш, иш билан танишиш, кўрсатма беришдан бош тортиш ва адолатли судлов ҳуқуқига доир мавзулар муҳокамаси ҳам ўрин олган.

«Умуман айтганда, семинар иштирокчилари бўлмиш мамлакатимиз жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг судялари тергов судясининг ҳуқуқ ва ваколати, шунингдек, вазифа ва мажбуриятлари, айбсизлик презумпцияси ва мутаносиблик тамойилини муҳокама қилиб, тергов жараёнида фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоясига амалий ёндашувга оид амалиёт ва илғор тажриба билан танишади.

Икки кун давом этадиган семинар якуни бўйича хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади», — дея таъкидланади хабарда.

Мавзуга оид