Жаҳон | 00:57 / 29.12.2017
40218
1 дақиқада ўқилади

Тожикистоннинг собиқ президентининг рафиқаси ис газидан ҳалок бўлди 

Фото: News.tj

28 декабрь кундуз куни Тожикистоннинг собиқ президенти Раҳмон Набиевнинг Хўжанд марказида жойлашган уйида ёнғин юз берди. Оқибатда ис газидан заҳарланишдан Набиевнинг беваси – 78 ёшли Майрам Набиева ҳалок бўлган.

Ёнғин ҳақидаги хабар ўт ўчириш хизматига соат 13:10ларда келиб тушган. 

Маълум қилинишича, ёнғин вақтида аёл уйида бир ўзи бўлган. Дастлабки тахминга кўра, ёнғинга электр асбоблардан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган.

Баъзи маълумотларга кўра, Раҳмон Набиевнинг фарзандлари Рустам ва Мунаввара оналарини дафн этгани Хўжандга келишади.

Раҳмон Набиев мустақил Тожикистоннинг биринчи президенти бўлиб, бу лавозимни 1991-1992 йилларда эгаллаган. 1992 йилда мамлакатдаги нотинч вазиятдан кейин истеъфога чиққан. Набиев 1993 йилда Хўжанддаги уйида вафот этган. 

Мавзуга оид