Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 декабрь куни «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонни имзолаганидан хабарингиз бор.

2018 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланиши, шунингдек, ички туризмни янада ривожлантириш Фармоннинг асосий мақсади ҳисобланади.

Қувонарли томони, йил давомидаги иш ва дам олиш кунларини олдиндан режалаштириш амалиёти Ўзбекистонда илк марта бўлмоқда. Бундай амалиёт ўзининг самарадорлиги нуқтаи назаридан хорижий тажрибада кенг қўлланилади. Масалан, жорий йил Россияда 5 та, Украинада 4 та, Беларусда 7 та, Қозоғистонда 5 та дам олиш кунлари бошқа иш кунига кўчирилди.

Фақат мазкур давлатлардан фарқли ўлароқ бизда дам олиш кунларини тартибга солишга оид ҳужжат Президент томонидан қабул қилинди, уларда эса бу масала ҳукумат раҳбари, яъни Бош вазирнинг қарори билан белгиланади. Бу давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳада бўлаётган ижобий ўзгаришларда ташаббускор бўлаётганлигининг исботи, дейиш мумкин.

Йил давомидаги иш ва дам олиш кунларини ҳали йил бошланмасдан аввал белгилаш ходимларнинг бўш вақтларини унумли ўтказишларига зарур шароит яратиб беради. Илгари маълум бир байрамга 2-3 кун қолганда дам олиш кунларининг кўчирилиши белгиланар, бунинг натижасида ходимлар бундай қисқа фурсат ичида дам олиш кунлари режа тузиш ёки уни амалга оширишга улгурмай қоларди. Шунингдек, айрим иш берувчилар Фармоннинг асл мазмун-моҳиятини англамасдан ўзгарган дам олиш кунлари ҳисобига ходимларни қўшимчасига ўша куни ёки якшанба кунлари ишлатиш ҳақида ноқонуний қарорлар чиқарарди. Худди шу каби муаммолар дам олиш куни ўзгарган ой учун иш ҳақини ҳисоблаш чоғида ҳам юзага келарди. Эндиликда жорий этилаётган янги механизм ушбу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Фармон асосида Ўзбекистон қонунчилигида меҳнат муносабатларига оид яна бир янги амалиёт киритилди. Яъни жорий йилда илк марта ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини қисқартириш орқали байрам кунлари арафасида қўшимча дам олиш куни берилди.