Ўзбекистон | 19:20 / 31.12.2017
33299
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи ставкаси пасайтирилади, имтиёзлар эса бекор қилинади

2018 йилнинг 2-чорагидан бошлаб Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар доираси кенгайтирилиб, кейинчалик унинг ставкаси пасайтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2017 йил 29 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги 3454-сонли қарорида кўрсатиб ўтилган.

Янги ўзгаришларга кўра ушбу солиқ тўлови бўйича имтиёзлар ҳам бекор қилинади.

Қарорга кўра, қўшилган қиймат солиғи ставкаларини пасайтириш бўйича таклифларни Молия вазирлиги, давлат солиқ ва божхона қўмиталари ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги Президент ҳузуридаги лойиҳавий бошқарув Миллий агентлиги билан ҳамкорликда 1 июлгача тайёрланиб, тақдим этилиши керак.

Давлат бюджетининг қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича прогнозлаштирилаётган даромадлари 22,019 триллион сўмни ёки жамики даромадлар (62,229 трлн сўм) нинг учдан бир қисмидан ортиқроғини ташкил этмоқда.

1992 йилнинг 1 январидан — 26 йилдан буён Ўзбекистонда амал қилиб келаётган қўшилган қиймат солиғининг илк ставкалари 30 фоизни ташкил этарди. 1993–94 йиларда у 25 фоизга туширилган, 1998 йилдан бошлаб 20 фоизни ташкил этиб келаётган эди. Айни пайтда нолли ставкада ҚҚСга тортиш, шунингдек, ҚҚСдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш бўйича имтиёзлар мавжуд эди.

29 декабрь куни қабул қилинган Президент қарори билан, 2018 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналарга тақдим этилган имтиёзлар ҳам бекор қилинади, шу жумладан, амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳам.

Бундан ташқари, 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг даромадлари, мол-мулк солиқлари ва экспортчи корхонларнинг ягона солиқ тўловига (экспорт улушидан қатъи назар) нисбатан жорий этилган имтиёзлар бекор қилинади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид