Жамият | 00:40 / 06.01.2018
75604
4 дақиқада ўқилади

Оқибатни 17 йилга унутган қўшнилар

Фото: KUN.UZ

Барчамиз бир жойдан старт олмаганмиз! Бу гап шунчалар умумийки, ҳар қачон «нега айнан мен», «нима гуноҳим учун», деб ўз-ўзингизга саволга берганингизда ушбу жумлани эслаб туринг. Аввал бошдан, биз бир чизиқда эмасдик. Негаки, кимдир молиявий бақувват оилада, кимдир узоқ овулдаги чўпон оиласида таваллуд топди. Яратган кимгадир чирой, бошқасига закий ақлни ато этди. Кимдир ҳаётда омадли миллиардер, бошқаси миришкор деҳқон... Катта ўйин бошланганида - бир чизиқда саф тортмадик. Инсоният бу азалиятнинг моҳиятига етиб бормай, иқтидор, чирой ё бойлигини кўкка совурди, нима учун берилганини унутди.

Шундай ўйлар билан Сирдарёдан қайтиб келдим. Юракни шунчалар ҳапқиртирган воқеа шу бўлдики, минг йиллик тарихга эга халқимиз бир девор нарида яшаб турган қўшнисининг ҳолидан хабар олишни унутибди. Бир кун эмас, бир йил эмас, нақ 17 йилга унутибди... Муштарийни қийнамай, воқеани бир бошдан мухтасар айласам.

Таҳририятимизга етиб келган навбатдаги мурожаат Сирдарё вилояти Боёвут туманидан эди. Унда айтилишича, муштипар она мактаб ёшига етиб қолган икки нафар набирасига туғилганлик ҳақида гувоҳномани ололмай сарсон. Маълум қилинишича, болалар ўсиб улғайиб қолганига қарамай, ҳалигача туғилганлик ҳақида гувоҳномаси йўқ, бу эса жонкуяр онани куюнтириб қўйган. Масалага ойдинлик киритиш учун Сирдарё вилоятига йўл олдик.

Аниқланишича, Kun.uz'га мурожаат йўллаган аёлнинг келини муқаддам Тожикистон ССР фуқароси сифатида туғилганлик гувоҳномасига эга бўлган, шундан сўнг Ўзбекистонга келиб, фуқаролик паспортини ололмаган. Ҳеч қандай ҳужжатсиз, расман ФҲДЁда қайд этилмасдан, Боёвут туманида яшаб келаётган Ўзбекистон фуқаросига турмуш чиққан. Айни пайтда оила - аҳил, шириндан-шакар икки нафар қизни тарбиялаб келишяпти. Айнан онасининг паспорти йўқлиги, қолаверса, ФХДЁда никоҳдан ўтмагани, иккала набирани туғилганлик гувоҳномасисиз яшашга маҳкум этган. Энг ачинарлиси оила устуни - қизларнинг отаси бахтсиз фалокатга йўлиқиб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган.

Табиий, савол пайдо бўлди: болаларнинг келажаги бюрократик қандайдир омилга асир бўлдими? Баландпарвоз шиорларни такрорлаб юрган Ёшлар Иттифоқи вакиллари, ашор тўқиб, аёллар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Хотин-қизлар қўмитаси қаёққа қараяпти? Нега жамоатчилик бундай чигал вазиятга журъат билан аниқлик кирита олмайди?

Туман ИИБ, ФХДЁ бўлимида бўлиб, мутасадди раҳбарлар билан суҳбатлашганимда англаб етдимки, ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳеч қандай тўсиқ ғов бўлиб тургани йўқ. Шунчаки, ўрнатилган тартибда, сўралган ҳужжатларни тайёрлаб келишса, бас!

Мурожаатнинг асл муддаоси шу паллада маълум бўлиб қолдики, муштипар она ўғлининг ногиронлигидан сиқилиб, ўзи ҳам кўп дардга дучор бўлган, оила фақат моддий кўмакка муҳтож. Келини эса 17 йилдан буён (фуқаролиги йўқ шахсларга тақдим этилувчи) оддий паспортни олишга қурби етмайди. Бир тарафда, қизлар улғайиб мактабга боришга шай турибди, уларнинг кундалиги тугул, исм-шарифи ёзилган бир парча қоғози ҳам йўқ.

Хонадондан кетар чоғимизда мўлтираб турган кўзларда халқнинг маънавий «қашшоқ»лигини кўрдим. «Қашшоқ халқ» аслида мурожаат йўллаган она эмас, балки бир девор наридаги уйда яшаб, 17 йилдан кейин ҳам оиланинг ҳолидан хабар олишга эринган қўшни, дунёнинг ишлари билан андармон бўлган маҳалладошлар, юмшоқ курсига чўкиб кетган амалдорлар «қашшоқлашиб» қолибди... Унутманг, биз яралганимиздан бир чизиқдан старт олмаганмиз, балки бу ақл ва қудратни тўғри йўналтириш учун дунёга келдик.

Мавзуга оид