Ойда бўлган фазогир 87 ёшида вафот этди
Америкалик фазогир, 1972 йилда Ой сиртига қўнган Жон Янг 87 ёшида вафот этди. Унинг вафот этгани ҳақида 6 январда NASA твиттерда маълум қилди.
“Биз фазогир Жон Янг вафотидан қайғудамиз. У Ойга икки марта учган, унга қадами теккан ҳамда биринчи коинот шаттлини бошқарган. У “Аполлон”, “Жемини” ва “Спейс шаттл” дастурлари доирасида 6 марта коинотга парвоз қилган”, деб айтилган хабарда.
NASA сайтидаги маълумотга кўра, Янг Ой сиртига қадами теккан 9-фазогир ва унинг сиртида луноходни бошқарган уч кишидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, у NASA’да ишлаш бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади: у 42 йил умрини коинот агентлиги билан боғлаган.
Янг Ой сиртига коинотга 4-парвози давомида 1972 йил апрелида қўнган. У ўшанда “Аполлон-16” кемаси сардори бўлган. У 1972 йил 20 апрелда Ой сиртига оёқ босган ва Ерга қайтгач “Буюк хизматлари учун” медали билан тақдирланган. У, шунингдек, биринчи бўлиб “Колумбия” шаттлини бошқарган.
Бироқ АҚШ фазогирлари Ойга учганлари ҳанузгача шубҳа остига қўйиб келинади. Мутахассислар бунда кўплаб шубҳали ҳолатларни қайд қилиб ўтишган. Мисол учун, фазогирларнинг суратларида уларнинг соялари номутаносиб тушаётгани, Ойга ўрнатилган АҚШ байроғи эса Ернинг табиий йўлдошида умуман атмосфера бўлмаган бир пайтда ҳилпираб тургани ҳанузгача кўпчиликда савол туғдиради.