Жаҳон | 09:04 / 22.10.2020
8668
2 дақиқада ўқилади

Халқаро коинот станциясидан уч фазогир Ерга қайтди

Фото: РИА Новости

Халқаро коинот станциясидан ажралган “Союз МС-16” кемаси икки россиялик ва бир америкалик фазогир билан Ерга қайтди. Кема Қозоғистонда қўнди.

Кема станциядан Тошкент вақти билан соат 4.32да ажралган. Унинг бортида россиялик Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер ҳамда америкалик Крис Кэссиди Ерга қайтди. Фазогирлар ХКСда 9 апрелдан бери фаолият олиб бораётганди.

Ҳозирда станцияда 64-экспедиция аъзолари - россиялик Сергей Рижиков ва Сергей Кудь-Сверчков ҳамда америкалик Кэтлин Рубинс қолмоқда. Улар Ерга 2021 йил 9 апрелида қайтадилар. 

Кэссиди Ерга қайтишдан олдин станцияда сардорликни Рижиковга топширган.

Ерга қайтган фазогирларнинг эвакуацияси пандемия шароитида қисқартирилган сценарий бўйича ўтказилган. Экипажга вирус юқтирмаслик учун қўниш майдончасидаги шахсий таркиб сони қисқартирилган.

14 октябрда “Союз МС-17” кемаси ХКСга биринчи марта ўта қисқа траектория бўйича учиб, унга бор-йўғи 3 соат 3 дақиқада етиб олган ва рекорд ўрнатган. 

Мавзуга оид