Инсон ҳаётида тоза ичимлик сувининг ўрни беқиёс. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, мавжуд ичимлик сувига ҳам қайта ишлов берилади, аҳолини сифатли ва тўйинтирилган сув билан таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Сингапур сувни қайта ишлаш борасида энг катта муваффақиятга эришган. Масалан, Сингапур – Малакка ярим оролининг жанубида жойлашган кичик мамлакат. 2003-йилда мамлакатда сувни қайта ишлаш бўйича биринчи ташкилот – NEWater иш бошлаган. Унда тозалаш ускуналари ва сувни тайёрлаш станциялари мавжуд: бу ерда аҳоли ва корхоналардан оқова сувлар келади ва тозаланади. Резервуарга келиб тушишдан аввал, оқова сув тозалашнинг микрофилтрация, ултрабинафша билан зарарсизлантириш каби бир неча қўшимча даражаларидан ўтади.
Намибия – сувни қайта ишлашнинг яна бир муваффақиятли мисоли. Африканинг энг қурғоқчилик кузатиладиган мамлакатида сув муаммоси деярли ярим аср аввал ҳал этилган. 1969 йилда республикадаги энг йирик шаҳар – Виндхукда шундай завод қурилган. Завод фуқароларнинг ичимлик сувига бўлган 35 % талабини қондиради ва сув истеъмоли туфайли касалликлар юзага келиши қайд этилмаган.
Ўзбекистонда юз бераётган ҳодиса эса митти Сингапур ёки Намибиядаги вазиятдан тубдан фарқ қилмоқда. Негаки, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманига ташриф буюрган ижодий жамоа бамисоли ХХ аср ёки ундан ҳам аввалги даврга тушиб қолганини ҳис этиб, «Тошкент» МФЙ Ёшлик кўчасига кириб бориши билан лойга ботган йўлда сув ташиб кетаётган аёлга кўзи тушди.

Таҳририятимизга мурожаат йўллаган шахс ҳам Мирзаободда ичимлик суви муаммосига мутасаддилар панжа орасидан қараб келишини баён этганди. Унинг сўзларида жон борга ўхшайди, негаки, Ёшлик кўчасида истиқомат қилувчи 70та хонадон вакиллари 4 йилдан буён табиий сув таъминотисиз яшашга мажбурлигини таъкидлаб ўтди.

«Қарийб 1 км масофадаги кўча бошида гидрантдан сув оқади. Ҳар куни оиладан бир киши шу иш билан машғул, кир ювиш, овқат тайёрлаш, шахсий эҳтиёжлар қўйинки, ҳаммаси учун сув келтириши керак. Бунинг устига МФЙ вакили ҳар ойда «гидрантдан оқиб турган сувдан фойдаланганимиз учун» киши бошига 1500 сўмдан тўловни ундириб кетади», деб сўзлаб берди маҳалла фаоли.
Маълум қилинишича, Ёшлик кўчасида яшовчи аҳоли ёз кунлари йўл ёқасидан оқиб ўтган ариқдаги сувдан ҳам фойдаланади. Аммо, кунлар совиши билан ариқдаги сувнинг босими ҳам пасаяди, қолаверса, сифати анча бузилган.










