Спорт | 21:00 / 09.01.2018
12779
7 дақиқада ўқилади

Коутиньо кетди. Клопп энди нима қилиши керак?

Фото: Sky Sports

Бир пайтлар «Тоттенҳэм» Гарет Бэйл трансферидан тушган пулга 8 нафар футболчини сотиб олганда, Брендон Рожерс рақибнинг устидан кулган ва клубда стратегия йўқ эканини айтганди. Бир йил ўтиб, хотираси яхши мухлислар Рожерснинг ўзига бу ҳақида эслатишди – Луис Суаресни сотишдан тушган тушумни шимолий ирландиялик мураббий худди шу шаклда сарфлаб юборган: ўша трансферларнинг тўрт нафари аллақачон Ливерпулни тарк этиб улгурди, ундан ташқари Эмре Жан «Ювентус»га ўтишга яқин, Морена ва Ловрен эса, мухлисларнинг асабини ўйнашда давом этмоқда.  

Бу тажриба шуни кўрсатадики, улгуржи харидлар клуб учун зарар. Бу ишни қишки трансферлар чоғида амалга ошириш, айниқса. Тўғридан тўғри Коутиньога ўринбосар топиб қўя қолиш энг ақлли қарордек кўринади, аммо бозорда янги Коутиньони топиш ҳам осон эмас. Агар шундай футболчи бўлган тақдирда ҳам, «Ливерпуль»да энди пул кўплигини билганлар ўша футболчининг нархини ҳам максимал равишда ошириб қўйишади. 

Афтидан, Риёд Маҳрезнинг трансфери амалга ошмайди. Аслида бу ҳақдаги хабарлар ҳам йўқ жойдан тарқалганди. Маълумки, жазоирлик футболчи ўнг қанот ҳужумида (Салоҳчи?) ёки «ўнлик» сифатида (Клоппда бундай позиция умуман йўқ) тўп суради. Маҳрезнинг келиши Клопп муаммосини ечишдан кўра, қўшимча бошоғриқлар пайдо қилиши шубҳасиз. 

«Монако»даги Тома Лемар балки, Коутиньони ўрнини босиш учун энг мақбул вариант. Аммо французлар аллақачон Лемар ҳеч қандай пулга сотилмаслигини айтиб бўлишган. Ёзда ҳам Лемарнинг сотилмаслиги айтилган ва харидорлар ҳадеб безор қилавергач, умуман реалликдан узоқ бўлган нарх белгилаб қўйилганди. Қишда бу талаб янада ошиши мумкин, Лемарга худди «Арсенал» ваъда қилган каби, юз миллиондан ортиқ пул сарфлаш катта риск, албатта. 

Хўш, нима қилиш керак?

Мавсум бошидаги ўйинларни эслаш

Бугунги «Ливерпуль»нинг Коутиньога боғлиқлиги аввалги мавсумлардаги каби эмас. Яратилган хавфли вазиятлар, голлар ва ассистларни таҳлил қилсак, Коутиньо умуман тўртинчи ўринда – Салоҳ, Мане ва Фирмино яхшироқ кўрсаткичга эришишган. 

Аслида ҳам, «Ливерпуль»нинг энг кучли даври айнан мана шу уч футболчи олдинги чизиқда тўп сурган пайтларга тўғри келади – мавсум бошида Коутиньонинг жароҳати сабаб, Клопп бу уч футболчи билан 4-3-3 схемасини синаб кўрганди. Тўғри, «Манчестер Сити»дан қабул қилинган йирик мағлубият (Мане қизил карточка олганди) умумий картинани бузиб юборди, лекин ундан олдин уч кун ичида «Ҳоффенҳайм» ва «Арсенал» умумий 8:2 ҳисобида ер тишлатилиши «Энфилд»даги томошабинларга ажойиб завқ улашганди.

Ўйинлар статистикаси ҳам кўп нарсани ойдинлаштиради – жамоа Коутиньосиз ҳам, Коутиньо билан ҳам деярли бир хил ўйнайди.

Фото: Sky Sports

Бразилиялик футболчи билан таркибда «Ливерпуль» камроқ очко олган (1.84 га 2.22), кўп гол ўтказиб юборган (1.07 га 1.22) ва камроқ гол урган (2.3 га 2.33).

Коутиньо билан жамоа 18 ўйин ўйнаган, Коутиньосиз эса атиги 4 тага кам холос. Яъни Коутиньосиз «Ливерпуль»ни тасаввур қилиш нафақат биз, Клопп учун ҳам у қадар қийинчилик туғдирмаса керак. Ўйин сифати ўзгармаган, ўзгарган тақдирда ҳам, ижобий томонга. 

Лалланани тахтга ўтқазиш

Фото: Daily Mail

«Ливерпуль»нинг трансфер бозорида шайтонлаб қолмаганининг яна бир сабаби Адам Лалланадир. Англиялик ушбу футболчи ҳалигача тўлиқ эътирофга сазовор бўлмаган. Зеро, кўп жиҳатларда Лаллана айнан Клопп учун ҳам, Коутиньодан яхшироқ вариантдир. У ҳам жуда яхши дриблинг соҳиби, айниқса Коутиньодан фарқли равишда, ҳар доим ҳам дарвозага тепавермайди, вазиятни чуқур ҳис қила олади, позицион ҳужумда янада фойдалироқдир. Лаллаланинг Филиппедан кўра ягона камчилиги кескир паслар бўлиши мумкин, аммо Адам бу борада ҳам яхши томонга ўзгара бошлаган, Салоҳ хавотир олмаса ҳам бўлади.

Ўтган мавсумда айнан Коутиньо «Ливерпуль»нинг прессингидаги энг кучсиз позиция бўлганди, Лаллана, аксинча, тўпни олиб қўйиш вақтини бошқалардан кўра илдамроқ ҳис қила олади. Клопп тактикасининг энг муҳим жиҳати ҳам айнан шу, рақибнинг тўпни йўқотиш палласини нозик сеза оладиган футболчиларга муҳтождир.

Ушбу мавсумда «Ливерпуль»нинг ўта юқори прессинги олдингидек эмаслигини кўряпмиз. Балки, ўтган январда жамоанинг жисмоний тарафдан катта муаммоларга дуч келганини сезган Клопп бу услубни ҳал қилувчи паллага – мавсумнинг иккинчи ярмига асраб тургандир. Тан олиш керак, Лаллананинг таркибга қўшилиши бу йўналишда жуда катта плюс бўлади. 

Ўзига ишониш

Ўтган ҳафтада Жозе Моуриньо Клоппнинг чанг босиб ётган интервьюсини топиб олди: у ерда немис мураббий машғулотларнинг трансферлардан муҳим экани ва айнан шу йўлдан боришини айтиб ўтган. Виржийл ван Дейкнинг трансфери гўёки Юрген Клопп тақдирга тан бериб, ҳамманинг ортидан кетганини ифодалагандек бўлса-да, барибир тан олиш керак, тактик жиҳатдан Клоппнинг ишлари беназир. 

«Ливерпуль»нинг мағлубиятсиз серияси октябрнинг ўрталарига тўғри келади ва барча мусобақаларда 17 ўйинга етиб бўлди. Бу ўйинларнинг 10тасида жамоа ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормади, фақат икки ўйинда биттадан ортиқ гол ўтказиб юборишди. «Тоттенҳэм» майдонидаги тарсакидан сўнг, Клопп ҳимояга янада жиддий эътибор қарата бошлади.  

Худди шу тарзда Клопп ҳужум чизиғида ҳам турли янгиликларни синаб бормоқда: ишонч билан схемаларни алмаштиряпти, ҳамкасблардан кўра кўпроқ ротацияларга мурожаат қиляпти, Салоҳ баъзида қанотда, баъзида марказда ўйнамоқда ва бу ўзгаришдан доим муайян рақибга мос равишда ва фойда билан амалга оширилмоқда. Коутиньонинг кетиши Клопп учун муаммо бўлса-да, у ўз салоҳияти билан буни бемалол ёпиши ва ҳатто ижобий томонга жамоани ўзгартириши ҳам мумкин. 

Мавзуга оид