— «Вест Бромвич» сиз учун нима?
— Ҳеч нарса. Айни дамда ҳамма нарса!
Мураббийни чарчатадиган вазият нима биласизми? Ғалабаларга одатланиш. Қизиқ парадокс, аслида барча мураббийлар буни орзу қилади, тўғрими? Сен ҳам, шогирдларинг ҳам, атрофингдагилар, қувватлаётган мухлислар ҳам ғалабаларга одатланса, қандай яхши? Мураббийлар мана шу чўққи учун курашади, ҳаракат қилади, ҳаммасимас, жуда кам сонлиси эришади ҳам. Уёғи қийин. Энди сендан бошқа натижани кутишмайди, қабул ҳам қилишмайди. You will never walk alone, деб қўшиқ куйлаб туришса ҳам, ёлғиз бўласан, энди сени тушунишмайди. Узоқ муддат бу даражада ишлаш имконсиз.
Юрген Клопп Ливерпулдан кетди. Унинг Англияга келган даврини яхши эсласангиз керак. Жамоа ҳар жиҳатдан ўзига бўлган ишончни йўқотган, бошқарувда муаммолар етарли, Англияда чемпион бўлиш умуман имконсиздек кўриниб қолган, жамоа баъзида бу соврин учун курашган, ҳатто Чемпионлар Лигасини қўлга киритган бўлса-да, буни такрорлаш учун ё Суарес каби катта юлдуз келиши ёки Истанбулдаги каби мўъжиза содир бўлиши керакдек. Шу қадар ишонч пастки, ҳатто «Лестер» ҳам турнир жадвалини бошқариши, кейинроқ, ҳатто чемпион бўлишга ҳам муваффақ бўлган давр.
Европага «Ливерпул» шу қадар бегона эдики, Европа Лигаси финалида «Севиля» турнир эгасидек кўринган, Старриж ҳисобни очган бўлса-да, якунда испанлар ўз кубогини олиб кетадигандек туюлганди. Шундай бўлган ҳам.
Ҳозир давр бироз бошқа. Нафақат «Лестер», ҳатто каттароқ жамоалар ҳам, ҳатто 90 очко билан ҳам чемпион бўлолмайдиган палла. Европада «Ливерпул»нинг йўқлиги Чемпионлар Лигасини заифлаштиради, фаворитлар мувозанатини ўзгартиради ва бу сезилади ҳам.
«Ливерпул» мухлислари Клопп даврида шу қадар ўзгардики, Бентеке ёки Балотеллига умид боғлаш ортда қолган, энди Дарвин Нунездан ҳар бир вазиятини голга айлантиришини кутишади. Худди шу даражадаги ҳужумчидан камига рози бўлишмайди. Ҳар чизиқда шунақа.
Табиийки, Клопп АПЛни ҳам ўзгартирди, лекин энг биринчи навбатда, унинг Ливерпулдаги нимани ва қандай ўзгартиргани ҳақида ўйласам, ўша «Вест Бромвич» билан дурангни эслайвераман.
Клопп янги келган пайтлар. Тахминан бир ойгина бўлганди. Жамоа нечанчидирам ўринда, нимагадир курашиши керак, қайси чизиқларга кимларни сотиб олиш керак? Клопп бу ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаган, менимча. Унинг мақсади маълум, лекин йўли ўзига хос эди.
«Вест Бромвич»га қарши «Ливерпул» ўз майдонида сўнгги дақиқаларида мағлубиятга учраётганди. Жамоа шу қадар ёввойи даражада ҳужумлар қилдики, рақиб дош бера олмади, Ориги (шу номни эслаб қолинг) ҳисобни тенглаштирди. Икки-ю икки. «Ливерпул»дек жамоа учун оддий, аслида жуда қониқарсиз натижа. Биргина очко беради.












